ТОШКЕНТ, 10 янв – Sputnik. Теҳронда Украина Boeing самолёти Эрон ракетаси томонидан уриб туширилган, деб таъкидлади Канада бош вазири Жастин Трюдо. RT хабарига асосан.
Унинг сўзларига кўра, бу маълумот унга Канада ҳамда иттифоқчи давлатларининг разведкаси томонидан тақдим этилган.
“Маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, самолёт Эроннинг “ер-ҳаво” ракетаси билан уриб туширилган”, - дейилган хабарда.
Канада бош вазирининг сўзларига кўра, бу катта эҳтимол билан хатолик туфайли рўй берган.
Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти раҳбари Али Обиджадеҳ бу версияни асоссизлигини айтиб ўтди.
Куни кеча Украина миллий хавфсизлик хизмати Boeing-737 самолёти зенит ракетаси зарбаси оқибатида ҳалокатга учрагани маълум қилганди. Самолётнинг техник носозлиги ҳалокатнинг яна бир сабаби бўлиши мумкин.
Чоршанба куни Теҳрон аэропортидан осмонга кўтарилган "Украина халқаро авиалиниялари" компаниясининг Boeing-737 йўловчи самолёти бир неча дақиқадан сўнг ҳалокатга учради. Самолётда бўлган 170 нафар йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Йўловчиларнинг аксарияти Эрон фуқаролари бўлишган – 140 киши. Шунингдек, улар орасида Украина, Канада, Германия, Буюк Британия, Швеция ҳамда Афғонистон фуқаролари ҳам бўлишган.