Минглаб эронликлар жума намозидан сўнг Теҳрон, Керман ва Табриз кўчаларини тўлдириб юборишди. Кўчалар уларнинг йиғи-сиғиси ва фиғони билан тўлиб тошганди.
Эроннинг “Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний АҚШнинг Бағдод халқаро аэропорти ҳудудидаги авиазарбаси оқибатида пайшанбадан жумага ўтар кечаси ўлдирилди. У билан бирга АҚШ давлат котиби Майк Помпео 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум қилишда айблаган Ироқнинг “Ал-Ҳашд аш-Шаъбий” шиа гуруҳи раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлди.
Сулаймонийни ўлдириш тўғрисидаги фармонни шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп берган.
АҚШ президенти маслаҳатчиси Роберта О'Брайеннинг сўзларига кўра, генералнинг ўлдирилиши “мудофаа ҳаракати” бўлган. У Америка Эрон музокараларнинг “тўғри йўлини” танлашига умид қилишини қўшимча қилган.
Трамп ўз навбатида ҳалок бўлган генерални миллионлаб кишиларнинг, жумладан, Эроннинг ўзида ўлимида айблади. Америка етакчиси Сулаймоний минглаб америкаликларни ўлдирган ёки оғир ярадор қилган деб ҳисоблайди.
Эрон олий етакчиси Али Хоманаий генерал Сулаймоний ўлими учун АҚШдан қасос олишга ваъда берди. Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавад Зариф генерал ўлимини “халқаро террорчилик акти” деб атади. Сулаймонийнинг давом эттирувчиси Исмоил Қаъаний эса Яқин Шарқ ҳудудида АҚШ фуқароларини ўлдиришга ваъда берди.
“Бир оз сабр қилинг, ва сиз Яқин Шарқ бўйлаб америкаликлар жасадларини кўрасиз”, - деган у.
Эрон генералининг ўлдирилиши дунё сиёсатчилари томонидан ҳам кескин қораланди.
Россия ТИВ Сергей Лавров АҚШ давлат котиби Майк Помпеога Америка ўзининг хатти-ҳаракати билан халқаро ҳуқуқларни бузганини маълум қилди. Россия ва Франция президентлари Владимир Путин ва Эммануэль Макрон ушбу вазиятдан ташвишда эканликларини маълум қилишди ва бу минтақадаги вазиятни кескинлаштириши мумкинлигини таъкидлашди.