ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида Ўзбекистоннинг улкан байроғи ўрнатилган янги Мустақиллик Хиёбони очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Қўқон шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Ёшлар иттифоқининг Қўқон шаҳар кенгаши.
Байрам тадбири доирасида тантанали равишда шаҳардаги бир қатор умумтаълим мактабларининг янгиланган спорт майдончалари очилиш маросими ҳам бўлиб ўтган. Ижтимоий лойиҳанинг ташаббускори — Ўзбекистон Триатлон Федерацияси.
Очиқ спорт майдончаси ташкил этилган дастлабки ўқув муассасаларидан бири – 18-сонли ўрта мактаб. Бу ерда 1200 га яқин ўқувчи таҳсил олади, уларнинг 200 га яқини Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларидир. 26-мактабда ҳам бундай спорт майдончаси очилган. Айни пайтда 3-сонли мактаб ҳудудида яна бир спорт майдончаси қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Яқин вақтда шаҳардаги яна 10 та мактаб замонавий югуриш йўлаклари, баскетбол, волейбол ва бошқа турдаги спорт майдончалари билан жиҳозланади. Бундай майдонларга қўшимча равишда, турли хил жисмоний машқларни бажариш учун замонавий тренажёрлар билан жиҳозланган майдонлар ташкил этилади.
Очиқ спорт майдончаларини яратиш бўйича ижтимоий лойиҳа ташкилотчиларининг таъкидлашларича, ушбу ташаббусдан асосий мақсад — янги авлод спортчиларини тарбиялаш.