ТОШКЕНТ, 30 дек - Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Санкт-Петербургдаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказида ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароларини ватанига қайтариш юзасидан баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни BBC нашрида Санкт-Петербург вилояти "Красное село" қишло-ида жойлашган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказида Россиядан депорт қилинган 800 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари борлиги ва улар оғир шароитда сақланаётганлиги, уларни Ўзбекистонга қайтариш учун давлат бюджетида маблағ йўқлигини хабар қилинган эди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур вазиятни ўрганиб чиқиб, қатор фактларнинг ёлғонлиги аниқланди. Биринчидан, Санкт-Петербургдаги ушбу марказ 336 нафар шахсга мўлжалланган бўлиб, ундан кўп одам сиғдира олмайди! Марказ раҳбарияти тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йил декабрь ойида бу ерга 320 нафар фуқаро олиб келинган.
Иккинчидан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакили фуқароларни Ватанга қайтариш учун давлат бюджетида пул йўқлигини айтмаган ва айтиши ҳам мумкин эмас эди, чунки ушбу мақсадларга Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидан етарли пул ажратилган.
Аслида ваколатхона вакили фуқароларни қайтариш (депортация қилиш) жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш маълум вақт талаб этиши, ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг уларга йўл чипталари олиб берилиши, улар Ўзбекистонга қайтиши билан моддий ёрдам пули олишини тушунтирган.
Учинчидан, Россия Федерацияси қонунчилигига асосан депортация қилиш билан боғлиқ барча зарур ҳужжатлар, жумладан суд қарори тайер бўлмагунча фуқароларни Россия ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас. Шу кеча-кундузда ҳужжати тайёр бўлган 12 нафар фуқаро айнан Санкт-Петербург марказидан Ўзбекистонга олиб келинди. 2019 йилнинг 30 декабрида яна бир гуруҳ фуқароларимизнинг Ўзбекистонга олиб келиниши кутиляпти.
Қайд этиш лозимки, 2019 йилнинг ўтган даврида Россия Федерациясидан 3 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан Ватанга қайтарилган.