ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг жами ташқи қарзи 2019 йилнинг 1 октябрида 21,5 млрд. долларни ташкил қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 21,5 млрд. долларни ташкил этиб, ундан 13,8 млрд. доллари давлат секторининг қарзлари, 7,7 млрд. доллари хусусий ташқи қарз ҳисобланади.
Қайд этилишича, ташқи қарздорликларнинг ортиши, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жалб қилиниши ва улар бўйича "йиғилиб қолган" мажбуриятларнинг сўндирилиши, келиб тушаётган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиши 2019 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатган.
Натижада тўлов балансининг жорий ҳисоби 1,4 млрд. долларга тенг дефицитни кўрсатган. Бунда, савдо баланси ва халқаро хизматларнинг манфий сальдоси (6,1 млрд. долл.) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг мусбат сальдоси (4,7 млрд. долл.) билан қисман қопланган.
Шу билан бирга, резидентлар молиявий мажбуриятларининг кўпайиши (6,1 млрд. долл.), улар томонидан молиявий активларнинг сотиб олиниши (1,3 млрд. долл.) натижасида молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 4,8 млрд. долларни ташкил қилган.
Резерв активлари эса 662 млн. долларга кўпайган.
Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси жорий йилнинг 1 октябрида 13,7 млрд. долларни ташкил қилган.