ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Ўзбекистон ЕХҲТ хулосаларини фойдали деб билади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Халқаро пресс клуб сессиясидаги чиқишида айтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Бўлиб ўтган парламент сайловлари - "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида бўлиб ўтди. Бу нафақат биз кўп ҳаракат килганимиз, яхши тайёргарлик кўрганимиз натижаси, авваломбор муҳтарам президентимиз бошлаб берган чуқур ислоҳотларни амалга оширилиши натижаси", - деди ТИВ раҳбари.
Абдулазиз Камилов шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги чет давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларига Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишга барча шароитларни яратиб берганини қайд этди.
Вазир сўзларига кўра, жорий сайловларни ўтказиш учун чет элда 50дан ошиқ сайлов участкалари ташкил этилган бўлиб, 12-18 декабрь кунлари 200дан ортиқ ҳудудларда муддатдан олдин овоз бериш имконияти яратилган. Хорижда ташкил этилган участкаларда жами 112 411 нафар фуқаролар ўз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишга муваффақ бўлган.
"...Албатта, савол туғилиши мумкин, чунки фуқароларимиз сони кўп хорижда, лекин аксарияти иштирок эта олмагани (борасида). ... келажакда биз турли минтақалардаги фуқароларимиз билан ҳам мулоқотда бўлиб, албатта уларни ҳам бизнинг сиёсий ҳаётимизга жалб этишга ҳаракат қиламиз", - деди вазир.
Камилов хориждаги Ўзбекистон фуқароларига сайловлар хусусида тўлиқ маълумотларнинг етиб бормаганлиги сабабини сиёсий партияларнинг чет элдаги ўзбекистонликларни ўз томонига жалб этишга тўлиқ ҳаракат қилмаганлигида, деб билади.
"Келажакда буларнинг барчасини инобатга олиб, албатта, чора-тадбирлар кўрамиз", - деди дипломат.
Чет эллик кузатувчилар баҳосига Ўзбекистон позицияси
Камилов Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловларига биринчи марта дунёнинг энг йирик - Россия, АҚШ, Хитойдан, МО вакиллари, минтақадаги қўшнилар - Ҳиндистон, Покистон ва Эрондан давлатларидан, халқаро ташкилотлардан 750га яқин кузатувчилар келганини қайд этди.
Хусусан, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари дастлабки хулосаларини Ўзбекистон томонига етказди.
"Сайловлар ўтди. Ўзбекистоннинг янги чеҳраси пайдо бўлаяпти халқаро майдонда. Лекин бизни олдимизда кўплаб вазифалар турибди. Биринчидан - сайлов жараёнини такомиллаштириш. Бу доимий жараён. Бу ҳаракатни қандайдир якуний бекати бўлмайди. Ҳеч ким айтолмайди-ки, мана биз ҳозир биз мукаммал сайлов ўтказдик, ҳеч қандай камчилик йўқ, олам-гулистон, деб. Бу жараён давом этиши керак, негаки олдимизда кўплаб мақсадлар турибди. Шу мақсадда ОБСЕ (ЕХҲТ) ДИИҲБ берган дастлабки тавсияларига жуда жиддий қараймиз ва керакли хулосаларни чиқарамиз”, - деб таъкидлади вазир.
Камиловнинг айтишича, ТИВда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Каэтана де Зулуета Оутрам билан бир неча бор учрашувлар бўлиб ўтган ҳамда дастлабки хулосалар ва тавсиялар бўйича фикр алмашилган.
"Биз шу ҳамкорлик натижасида шунга келишдик-ки, бир-икки ойдан сўнг охирги хулосалар чиққандан кейин, биз яна бир бор учрашамиз ва қайси йўналишларда ҳамкорлигимизни давом эттиришимиз хусусида келишиб оламиз. Керак бўлса, ўзига яраша дастур ва йўл харитасини ташкил этамиз", - деб маълум қилди Камилов ва берилган тавсиялар Ўзбекистон учун таҳдид ёки ҳал бўлмайдиган муаммо эмаслигини, балки бу Ўзбекистон учун янги имкониятлар эканлигини ва ундан фойдаланиш кераклигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайловлари ўтказилди.
Сайловни жараёни 140 минг маҳаллий кузатувчилар ва 800 дан ортиқ халқаро, шунингдек, 9 та ташкилот, шу жумладан МДҲ, ШҲТ ва ЕХҲТ кузатувчилари кузатиб борди. Кузатувчилар овоз беришга юқори даражада тайёргарлик кўрилганини қайд этдилар.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига 125 та сайлов округларидан сайланган депутатлар рўйхатини эълон қилди. Жумладан, Ўзбекистон Либерал демократик партияси – 42 нафар; “Миллий тикланиш” демократик партияси – 34 нафар; “Адолат” социал-демократик партияси – 20 нафар; Халқ демократик партияси – 18 нафар; Экологик партия – 11 нафар.