Самарқанднинг ягона икона чизувчи рассоми Александр Галак авлиёлар суратларини тасодифан чизишни бошлаган - уни 1990 йилларда бошқа рассомлар қаторида деярли вайронага айланган Алексей черковини тиклаш учун таклиф қилишган эди. Энди у бу ишни асосий касбларидан бири деб билади.
Биз икона чизувчи рассом Александр Галак ҳақида тасодифан, рус Самарқанди мавзуси устида иш олиб бораётиб билиб қолдик. Унинг устахонасини топиш қийин эмас эди – шаҳарнинг учта ишлаётган черковлардан бирида жойлашгани аниқ эди.
Ва шундай бўлиб чиқди ҳам – мана кўп йиллардирки у Покров черковида хизмат қилиб келмоқда. Бу ўша, 1903 йилда қурилган, совет даврида ҳам фаолият юритган – у бир кунга ҳам ибодатчиларига ўз эшикларини беркитмаган.
Иконаларни чизади ва тиклайди...
Иконачи рассомни излаётганимизни билгач, шам дўкони ёнида турган аёллар унга қўнғироқ қилишни бошладилар, у эса дарсда эди. Александр Галак Болалар ижодий мактабида рассомчиликдан дарс беради. Танаффус вақтида у қайтиб қўнғироқ қилди. Уни излаб Москвадан мехмонлар келганини билган, тушлик пайтида келишга ваъда берди.
Александр келаётганини эшитган аёллар бизга унинг ишларини кўрсатишга киришдилар – якшанба мактабига, чўқинтириш хонаси ва ҳисобхонага олиб борувчи коридорнинг қордай оппоқ, Инжилдан олинган воқеалар тасвирлари туширилган деворлар. Асарлар жуда таъсирли – бу бизнинг замондошимизнинг иши эканлигига ишониш қийин. Эҳтимол, черковнинг умумий муҳити таъсиридир, чунки ҳажмлари кичиклиги туфайли жуда файзлидай туюлади. Қўнғироқ чалинадиган минорага чиқиб атрофни томоша қилишга рухсат беришди. У ердан биз билан учрашишга шошаётган рассомни кўрдик.
"Буларнинг барчаси, 90-йилларда, Совет Иттифоқи даврида авлиё Алексей черковида жойдашган ҳарбий қисмнинг клубини диндорларга қайтариб берилиши давридан бошланди, Иттифоқ парчалингач эса унинг мақоми мутлако ноаниқ бўлиб қолди. Бу ўз даврида Самарқанднинг энг катта черкови деб аташ ҳам қийин эди, чунки на гумбази, на иконалари, Худони уйи деб аташга лойиқ на бирон бир ишора ҳам йўқ эди," – черков ҳудуди бўйлаб устахона томон юрар эканмиз, икона рассомчилигига кириб келиш тарихи ҳақида Александр Галак шуларни сўзлаб берди.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шахсий аралашувидан сўнг черков ниҳоят Самарқанднинг православ аҳолисига топширилди.
"Лекин черков жуда аянчли аҳволда эди – деворлар, поллар, унинг ташқи кўринишига қараш оғир эди. Ҳамма нарса бамисоли ярадор эди. Биттаям икона йўқ эди. Уни қандай тиклаш тўғрисида савол туғилди. Табиийки, рассомларни, шу жумладан мени ҳам таклиф қилишди. Шу тариқа мени черковга киришим, ва шу йўналишда ҳаракатларим бошланди. Дастлаб биз ушбу черковга киришдик, ташқи кўринишни тиклашга ҳаракат қилдик, биринчи иконаларни чизишни бошладик, кейин эса давом этиб кетди... мен ҳали ҳам черков деворларини тарк этолмайман", - бу сўзлар билан Александр Галак бизни ўз хужрасига олиб кирди.
Ичи салқин, лекин ҳеч ким шикоят қилмайди. Александрнинг хонасида деворларда, стол ва жавонларда янги ва қадимий, тиклашга рассом ишлаши учун эндигина олинган икона ва хочлар.
"Иконаларни чизиш - бу оддий расмлар чизиш билан қиёслаб бўлмайдиган иш. Мен ўзгаришимга тўгри келарди – бу тасвир яратишнинг умуман бошқа тили. Ҳатто фикрлаш ҳам бошқача бўлади. Аввалига икона санъатига киришиш осон эмас эди. Мен икона чизишда бошқача мамнуниятни ҳис этаман, ҳатто ишни бошлаганимда мен ўзимни бошқача ҳис қиламан”, - деб тан олади уста.
Ва кейин у ўзини классик икона рассоми деб ҳисобламаслигини таъкидлади, чунки у махсус маълумот олмаган. "Мен икона чизувчи оддий расомман", - деб таъкидлайди у.
Иконаларни турмуш ўртоғи Елена Ларина ҳам чизади, улар кўп йиллардан бери бирга. Елена турмуш ўртоғи билан бирга Болалар ижодий мактабида дарс берар экан.
Александр Галак кўзимиз олдида икона қандай тикланишини кўрсатмоқда - катта синчковлик ва диққат билан иконанинг майда деталлари устида мўйқалам билан ишлайди ва эски асарларга янги кўринишни қайтаради. Биз бир неча дақиқа кузатдик холос, лекин одатда рассомлар ўрнидан соатлаб турмайди.
Самарқанд насронийлиги ҳақида китоб
"Мен Самарқандда туғилдим ва улғайдим, бу менинг ватаним. Мен ҳар доим бу жойларнинг бой тарихига қизиқаман. Вақт ўтиши билан мен Шарқдаги насронийликни асослари билан қизиқдим. Етти йил давомида мен Самарқандда православ черковларнинг пайдо бўлиши билан – қаерда ва қачон қурилган, кимлар биринчи руҳонийлардан бўлган, биринчи жамоатлар қандай яратилган ва ҳоказо", - бу сўзларни айтар экан у иконаларни бер четга суриб кўлбола чоп этилган китобни токчадан олди.
Ушбу асарда православ Самарқанди ҳақида барча маълумотлар мавжуд. Унда биринчи черков 1868 йилда қандай очилган, улар сони нечта бўлган ва ибодатхоналарда кимлар хизмат қилганлари ёзилган. Александр бир кун келиб бу китобни яхши қоғозда қаттиқ муқовада нашр этишни орзу қилади.
"Мен нима учун Самарқандда черковлар пайдо бўла бошлаганини тушундим – руслар бу ерга етиб келгач, ўз ватанидан йироқда, ўзлигини: миллий таомлари, дини ва ўз урф-одатларини йўқотмасликни хоҳлашади. Буларни бу ерда сақлаб қолиш улар учун жуда муҳим эди. Ибодатхоналар очила бошлади – бошида содда, кейинчалик эса чиройли ва муҳташам. Ва бу ҳали ҳам маълум даражада сақланиб қолган, чунки биз аслида ватанимиздан узоқда яшаймиз, гарчи Самарқандни ва Узбекистонни ўз уйимиз деб билсак хам" – таъкидлайди Александр Галак.
Икки ватанга бўлган муҳаббат архитектурада ҳам сезилади – Самарқанднинг барча православ зиёратгоҳларида шарқона ноталар мавжуд эди, декор шубҳасиз маҳаллий эди. Ва рус православ черковларининг қурилишига маҳаллий аҳоли ёлланган.
Хужрада озгина совқотиб колгач, кўчага чиқамиз – қуёш порлаб турибди, Ўзбекистонда қиш Россиядан фарқли ўларок бошқача кечаркан. Самарқанднинг православ черковларида ҳам ўзингизни бошқача ҳис қиласиз: гўё эътиқод ҳам маросимлар ҳам бир, аммо шарқона ранг-баранглилик ўзбекистонлик русларнинг турмуш тарзига чуқур сингиб кетганга ўхшайди. Айнан шу жиҳат ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида том маънода ўз аксини топади, гарчи у фақат москваликнинг кўзлари билан кўриладиган бўлса-да.