Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда

© SputnikПокровская церковь в Самарканде
Покровская церковь в Самарканде - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мураккаб 90-чи йиллардан кейин Самарқандда руслар сезиларли даражада камайди, аммо шу кечаю-кундузда шаҳардаги православ черковлари нафақат ёпилмаяпти, балки аксинча, қайта тикланмоқда. Черковларга ҳукумат ёрдам бермоқда. У ерга келувчи ибодатчилар сони ҳам кўпайган.

Агар Марказий Осиё мамлакатларида славян аҳолиси вакилларининг ислом динини қабул қилиши – бу барчага маълум воқеа бўлса, акс жараёнлар эса номаълумлигича қолаётган факт саналади. Sputnik Ўзбекистон православ динини қабул қилган маҳаллий фуқаролар ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзбекистонда нега рус тилини ўрганишади >>>

Самарқандда учта православ черкови фаолият кўрсатади – авлиё Алексей черкови, Покров черкови ва Ғалаба келтирувчи Георгий (Георгий Победоносец) православ ибодатхонаси. Шунингдек, Авлиё Николай (Николай Чудотворец) черковини қайта тиклаш режалаштирилган. Ҳозирча у вокзал ҳудуди яқинида жойлашган бўш турган бино ҳисобланади.

Бош православ ибодатхонаси

Шаҳар қоқ марказини "Рус Самарқанди", деб аташади. Сабаби, у Россия империяси мустамлакаси даврида қурила бошлаган – архитектурасида асосан XIX-XX аср бошларига хос қурилишлар кўзга ташланади. Гоҳида ўзингизни Осиё юрагида эмас, балки Пятигорск ёки Владикавказда юргандек ҳис қилишингиз мумкин - ғиштлар, меъморий шакллар, қаватлар сонидаги ўхшашлик, дегандек. Бундан ташқари, марказий кўча ҳисобланмиш - барчага машҳур "Бульвар" охирроғидан авлиё Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархиясига тегишли Алексей Московский православ черкови гумбазлари яққол кўриниб туради.

© SputnikПарадное крыльцо в Алексеевский собор в Самарканде
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Парадное крыльцо в Алексеевский собор в Самарканде

Черковга кираверишимизда, панжара ташқарисида, одатга кўра қўлини чўзиб ўтирган бир эркак ва аёлга кўзимиз тушади. Уларни россиялик биродарларидан миллий ранг-баранглик ажратиб туради – аёл эгнига миллий матодан тикилган халат ташлаб олган, қўлида эса бир пиёла чой.

Черковнинг ичи худди янгидек таассурот уйғотади – Инжил манзаралари акс эттирилган ёрқин сариқ деворлар, қордек оппоқ устунлар, шифт бир хил майдонларга бўлиниб, ҳар бирида ўймакор нақшлар билан безатилган. Ҳатто бўёқ ҳиди димоғимизга урилгандек туюлади. Бу ерда фақат плиткалар эски – полга унинг тарихий ўзига хослиги туфайли тегишга рухсат берилмаганини сал кейин билдик.

© SputnikАлтарь Алексеевского собора в Самарканде
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Алтарь Алексеевского собора в Самарканде

Шанба куни эканлигига қарамай, ибодатчилар йўқ. Бир томонда шам дўкони, бошқа томонда - черков ичкарисида - меҳроб жой олган, тўсиқ ортидан мусиқа садолари эшитилиб турибди – хонишчилар кечки хизматга тайёрланишмоқда.

"Бизнинг черков 1912 йил подшоҳ Николай II даврида казак полклари учун қурилган. Айтишларича, подшоҳ черков очилишига келиши керак бўлган, лекин кела олмаган, кейин Биринчи Жаҳон уруши ва сўнгра инқилоб юз берган. Черков кўп мусибатларни бошдан кечирган – ибодатхоналар таъқибга олинган, гумбазлар ва хочлар вайрон қилинган, черков гоҳ ҳарбий қисм учун рақс зали, гоҳ клуб, гоҳ омбор вазифасини ўтаган. 1992 бино музей балансига ўтказилган ва таъмирлаш ишлари бошланган, тўрт йил ўтгач Москва ва бутун Россия Руҳонийси Алексей II черковга келиб, уни илоҳийлаштирган. Шу пайтдан у ишга тушган. Черковимизга Владимир Путин ва Ислом Каримов, Шойгу ҳамда Москва ва бутун Россия Патриархи Кирилл сингари олий даражадаги меҳмонлар ҳам ташриф буюрганлар", – дея черков тарихига қисқача тўхталади шам дўконида турган, ўзини Елизавета деб таништирган аёл.

© SputnikПрихожанка Покровской церкви в Самарканде Нина
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Прихожанка Покровской церкви в Самарканде Нина

Маълум бўлишича, Екатерина исми аёлга у христиан динига кирганида берилган.

"Ота-онам мусулмон, мен православ динидаман. Бир марта бу ерга келиб, ёқтириб қолганман, сўнг суҳбатдан ўтдим ва чўқинтирилдим", - дейди Елизавета ва кундалик ҳаётда ҳамма уни Лиза, деб чақиришларини қўшимча қилади.

Эътиқод эвазига сигир

Энди авлиё Алексей черковида у нафақат ибодатларда қатнашади, балки ўзи ҳам ишлайди.

"Мен эгаллаб турган лавозим расман - эҳсон йиғувчи, деб аталади. Аммо бу фақат қоғозда, холос. Амалда эса ҳамма ишни бажараман – шамчироқларни тозалайман, овқат пишираман, полларни юваман. Бу ерда фақат уч киши расман меҳнат қиламиз – мен, ҳисобчи ва руҳоний. Келувчилар кам, баъзан 50, баъзида 100 киши келиши мумкин. Лекин катта байрамларда, ёхуд бирор бир муқаддас нарсани олиб келишса, черковга 400 тагача одам келади. Россиядаги черковларнинг ҳомийлари бор, бизда эса йўқ – Самарқандда руслар жуда оз. Шу учун бор умидимиз ҳукуматдан, хайр-эҳсондан эмас ", - дейди Луиза-Елизавета.

© SputnikМемориальная доска на Алексеевском соборе в Самарканде
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Мемориальная доска на Алексеевском соборе в Самарканде

Шу билан бирга, аёлнинг сўзларига кўра, Алексей черковига охирги вақтларда маҳаллий аҳоли – ўзбеклар ва тожиклар кўп келадиган бўлган. Олдинлари мусулмонлар черковга келгач, шамни қаерга қўйишни сўрашган ва икона олдида жим туриб, ўзлари учун нимадир сўрашган. Аммо бу динга эътиқод қўйиб, уни қабул қилаётганлар ҳам топилмоқда.

РЦНК в Ташкенте на открытии классов русского языка в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон
Москвада православ черкови мигрантлар болалари учун мактаб очди

Бу сўзларнинг тасдиғи сифатида Луиза полни юваётган аёлга ишора қилади: "Мана, Галина билан суҳбатлашинг. Аёл қишлоқда ўсган, кейин Россияга кетган, у ерда черковда ишлаган, сўнгра чўқинган, унинг турмуш ўртоғи ҳам насронийликни қабул қилган. Бугунги кунда у каби мусулмонлар жуда кўп".

"Ҳа, мен ўзбекман, - дейди аёл. У рус тилида кучли акцентда гапиради. - 1999 йил тушимда бошим узра катта олтин хоч ва соқоллари оппоқ мўйсафид турганини кўрганман. У менга: "Менинг эътиқодимни қабул қилишни истайсанми? Унда Россияга билет олиб, жуда узоққа йўл ол", деган. "Мен унга пулим йўқлигини айтиб, ишонтиришга ҳаракат қилдим, ота-онам қишлоқда яшарди, ночор эди. Лекин у шу қадар ўз гапида туриб олганди-ки, беихтиёр уйғониб кетдим. Кўзларимни юмишим билан яна хоч ва мўсафид чолни  - Худо-Отани кўрдим, у менга ота-онам сигирни сотиши кераклигини, шунда йўл кира учун пул етарли бўлишини айтди".

© SputnikСлужительница Алексеевского собора Галина рассказывает, как она пришла к православию
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Служительница Алексеевского собора Галина рассказывает, как она пришла к православию

Эрталаб аёл қишлоққа, ота-онасиникига йўл олади ва уларга кўрган туши - улкан фотосуратлар -  болали аёл, оппоқ соқолли мўйсафид ҳақида гапириб беради (Галина бунга қадар ҳеч қачон иконаларни кўрмаган эди), у Худонинг уйини кўришни жуда-жуда хоҳлашини айтади ва ота-онаси сигирни сотишга рози бўлишади. Шу тариқа Галина Саратов вилояти, Энгельс шахридаги Свято-Троицкий черковига келиб ўз хизматларини таклиф қилади.

"Черков бош руҳонийси Василий-ота мени кўриши билан: "Сени қабул қилмайман, сен мусулмонсан", деди. Ғазаб билан: "Сен кимсан-ки, мени ишга олмайсан. Бу ерда Ота-Худо бор, мен унинг даргоҳида ишлайман", дедим. У менинг қистовимдан ажабланиб, рози бўлди. Кейин чўқинишни таклиф этди. Галина деб исм қўйди - ахир исмим Гулистон эди-да. Кейин қариндошларинг билиб қолиб, уришса нима қиласан, деб сўради. Улардан кечаман, дедим", деб ҳикоя қилади Гулистон-Галина.

Оқибатда ҳаммаси аксинча бўлди, аёл 12 йилдан сўнг уйига қайтиб келганида, қариндошлари ундан воз кечишди. Лекин мусулмон эри эса унинг ортидан насронийликни қабул қилди, шундай қилиб улар иккалови Самарқандда яшашмоқда.

Ёқиб юборилган мулла невараси – православ Галина

Инқилобдан олдин замонавий Ўзбекистон ҳудудида қарийб 15га яқин православ черковлари фаолият кўрсатган, аммо совет даврида улар йўқ қилинган ёки хўжалик эҳтиёжлари учун бошқа мақсадларда фойдаланилган. Очилганидан буён умуман ёпилмаган ягона черков – 1903 йил қурилган "Покров Божьей Матери" черкови бўлади. Биз у томон йўл олдик.

© SputnikПокровская церковь в Самарканде
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Покровская церковь в Самарканде

Черковга яқинлашар эканмиз, йўлимизда кекса бир аёлни учратдик, у бизнинг Москвадан келганимизни эшитиб, хурсанд бўлиб кетди, дарҳол чойга таклиф қилди. Рад этишга мажбур бўлдик. Йўл-йўлакай ўзи хақида гапириб берди.

Патриарх Кирилл: рад воочию увидеть последние достижения Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Патриарх Кирилл: Москва меҳнат мигрантларига муҳтож

"1966 йилда қардош Ўзбекистон пойтахти Тошкентни зилзиладан кейин қайта тиклашда ёрдам бериш учун Украинадан келганман.  Ишларимизни тугатганимизда, бизга қолишни таклиф қилишди, истаган шаҳарни танлашимиз мумкинлигини айтишди. Шундай қилиб, мен Самарқандга келдим. 1971 йилдан бери мен шу черковга қатнайман. Мусулмонлар ҳам шу ерга қатнайдилар. Эҳтимол, уларнинг қалби шу динни яқин олгандир, бу ерда улардан ҳеч нарса талаб қилишмайди. Кўплар Туркия ёки Амирликларга кетишдан олдин келиб, эҳсон қолдиради, шам ёқишади, сафар олдидан Худога илтижо қиладилар", дейди аёл ва ўзини Нина хола деб аташимизни сўрайди.

Черков унчалик катта эмас, авлиё Алексей черкови билан солиштирганда, увоққинадек туюлади, лекин шуниси билан ҳам файзли, кўп ибодат қилинган бу ерда, деворларида XVII-XVIII асрга оид иконалар жуда кўп. Ҳатто поллари ҳам ёғочдан.

© SputnikСтаринные иконы в Покровской церкви Самарканда - единственной не закрывавшейся в советские годы
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Старинные иконы в Покровской церкви Самарканда - единственной не закрывавшейся в советские годы

"Черковимизнинг қурилиши учун подшоҳ Николай II 1500 рубль эҳсон қилган экан – буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор, - дейди Нина момонинг ҳикоясини давом эттириб Покровская черкови хизматчиси Галина. - Инқилобгача бу ерда якшанба кунги мактаб ҳам бўлган, у ҳозир ҳам якшанба мактаби сифатида ишлайди, подвалида эса совет даврида йўқ қилинган черковлардан омон қолган иконалар сақланади. Уларнинг бир қисмини авлиё Алексей черковига топширганмиз".

Бу черковдаги Галина ҳам Луиза-Елизавета сингари шам дўконини бошқаради ва йўл-йўлакай бошқа кўплаб ишларни бажаради. Покровский черковига асосан келувчилар сони 200 лар атрофида, лекин катта байрамларда – Пасха ва Рождество байрамлари, ёки бирор авлиё мурдаси олиб келинганида кўпрок одам йиғилади, оддий хизмат кунларида одатда 50 кишидан ошмайди.

Галинанинг ўзи ҳам собиқ мусулмонлардан.

© SputnikАлтарь Покровской церкви в Самарканде
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Алтарь Покровской церкви в Самарканде

"Онам рус, отам Шарқ одами, бобом мулла бўлган – уни 1920-йиллар ўрталарида қулоқ қилишиб, калтаклашиб, чалажон аҳволида фарзандлари кўз ўнгида ёқиб юборишган. Оилани пароканда қилиб, ёш болаларни қишлоқ бўйлаб тарқатиб юборишган. Отам буларнинг барини яхши эсларди, у киши мўмин-мусулмон эдилар. Отам мени жажжилигимда масжидга олиб келганлар ва мулла менга Мушарраф, дея исм қўйган. Мен болалигимдан Қуръон ўқиганман, лекин кўнглим бошқа дуоларни сўрарди. Шундай қилиб, 51 ёшимда, икки ёшли набирам билан биргаликда православ динини қабул қилдим. Шундан кейин барча дуоларни дарҳол эслаб қоладиган бўлдим".

Худо ягона, фақат унинг исмлари ва тиллари жуда кўп

Мушарраф-Галинанинг сўзларига кўра, бу ерда фақатгина насронийлар учун дуо қилишмайди. Покровская черковига мунтазам қатнайдиган ибодатчиларнинг аксариятининг оиласида мусулмонлар бор. 

"Черковимизда чўқинмаган инсон учун дуо қилишдан ташқари, ёзувга буюртма бериш ҳам мумкин.  Кўряпсизми - улар кўк рангда. Ҳафтада бир марта руҳоний улар учун ибодат қилади, дуо ўқийди. "Мени қанча амакиваччаларим борлиги  биласизми? Уларнинг барчаси мусулмон, лекин улар учун ҳам ибодат қилишим керак. Якшанба кунлари, биз православлар, барча яқин мусулмонларимизни эслаймиз", дейди Галина.

© SputnikСвященное писание и православный крест на кафедре в храме Самарканда
Шарқ қалбидан жой олган православ дини: мусулмонлар нега черковларга келмоқда - Sputnik Ўзбекистон
Священное писание и православный крест на кафедре в храме Самарканда

Галинанинг сўзларига кўра, кўпинча бир диндан иккинчисига ўтиш аёллардан бошланади. Гап шундаки, православ черковларида улар ўзларини масжидлардагидан кўра эркинроқ ҳис қиладилар, ҳатто насронийлик динини қабул вилмаган тақдирда ҳам улар бу ерга келишлари, иконалар қаршисида туриб, эри ва фарзандлари учун ибодатда бўлишлари мумкин.

Пасхальное богослужение в храме Христа Спасителя - Sputnik Ўзбекистон
Пасха - православ насронийларининг энг улуғ байрами

"Мен бу ерда шундай воқеаларга гувоҳ бўлганман-ки, аввал бошда мусулмон қизлар келишади-да, иконалар олдида туриб, ибодат қилишади, Худодан жуфт сўрашади. Кейин эрлари билан келиб, фарзанд сўрашади. Қарабсизки, насронийликни қабул қилиб, черковда никоҳдан ўтадилар ва фарзандларини чўқинтирадилар. Кимдир мусулмонлигича қолади, лекин дам олиш кунлари ёки бирор катта байрамларда масжидга эмас, айнан шу ерга келадилар", дейди Мушарраф-Галина.

"Мен Худо битта, деб ўйлайман, фақат унинг исмлари ва тиллари жуда кўп, лекин у ҳаммани тушунади. Гап сен нимадан куч ва нажот топишингда, ўз руҳингни қай тарзда қутқаришни хоҳлашингда. Ҳар ким ўзича таскин топади", - дейди Мушарраф-Галина ўз ҳикояси якунида.

Ўзбекистон - нафақат Шарқ, балки бутун дунёдаги энг бағрикенг ва мультимаданиятга эга давлатлардан биридир. Бу ерда барча конфессия вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирадилар. Мусулмонлар, православлар, яҳудий ёки будда динидаги кишилар кундалик ҳаётда бир-бирлариникига меҳмонга борадилар, баъзан байрамларни ҳам биргаликда нишонлайдилар. Бу ранг-баранглик ва бирлик айниқса кўҳна Самарқандда яққол кўзга ташланади, черковларнинг олтин ранг гумбазларидаги православ хочлари масжидларнинг хушбичим миноралари ва осмон сингари мовий гумбазларини ҳамоҳанг тўлдириб туради.

Янгиликлар лентаси
0