ТОШКЕНТ, 7 дек - Sputnik. Куни кеча, 6 декабрь куни "Толимаржон иссиқлик электр станцияси"да 800 мВтли 1-энергоблок технологик ҳимоя ишлаши сабабли носозлик ҳолати билан ўчди. Бу ҳақда "Ўзбекистон МЭТ" АЖ ахборот хизмати хабар бермоқда.
"Бунинг натижасида Қашкадарё, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида аварияга қарши автоматика тизими орқали истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, техник ҳолат туфайли юз берган носозликдан сўнг дарҳол энергетика тизимидаги мавжуд захира қувватларини ишга солиш эвазига электр таъминотидан узилган истеъмолчиларга кучланиш бериш чоралари кўрилган.
Миллий диспетчерлик марказига маълум қилинган хабарларга кўра, айни пайтда "Талимаржон ИЭС" энергоблокининг авариявий ўчиш сабаблари аниқланиб, ишга тушириш юзасидан зарур чоралар кўрилмокда.
Бу ҳақда "Иссиқлик электр станциялари" АЖ матбуот хизмати расмий баёнот қилиши кутилмоқда.