ТОШКЕНТ, 1 июл – Sputnik. Толимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш концепцияси муҳокама этилди, дея хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
30 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala Utilities компанияси раҳбарияти, Осиё тараққиёт банки ҳамда Энергетика вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.
Хабарда кун тартибидаги масала жорий йилнинг март ойида БААга олий даражадаги ташриф доирасида эришилган шартномалар доирасида Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш бўлгани қайд этилган.
Учрашув давомида электростанцияларни хусусийлаштириш ва унинг қувватини янада ошириш концепцияси тақдим этилди, шунингдек, мавжуд ҳуқуқий шартномадаги келишув ва лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий механизмлари ишлаб чиқилди. Концепция электростанциянинг иш фаолияти ва техник параметрларини батафсил ўрганиш мақсадида делегациянинг Талимаржон ИЕСга олдинги ишчи ташрифи давомида олинган маълумотлар асосида ишлаб чиқилган.
Музокаралар якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг асосий масалалари бўйича якдил фикрга келишди.
Маълум қилинишича, 2019 йил охиригача инвестициявий шартнома имзоланиши режалаштирилган.