ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. “2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
“Ишсизлик даражаси 2019 йил бошига нисбатан 0,4 фоизга камайиб, жорий йил 1 октябрь ҳолатига 8,9 фоизни ташкил этди. Расмий банд аҳоли сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ёки 308 минг кишига ошган ва 5,7 миллион кишига етди. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 200 мингга камайиб, 4,0 миллион кишини ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигача қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда. Иш берувчилар меҳнат бозорига чиқаётган ёшларнинг касбий малака даражаси етарли эмаслигидан эътироз билдирмоқда”, - дейилган ҳужжатда.
Ҳужжатга 2020 йилда 382 минг доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари; меҳнат органлари томонидан 461 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари; 605 минг ўзини ўзи меҳнат даромади олишга йўналтирган ва яширин иш ўринларида ишлаётган шахсларни расмийлаштириш параметрлари илова қилинган.
“Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз параметрлари Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими ва Ягона миллий меҳнат тизимида акс этган, ҳисобот даврида ташкил этилган иш ўрнига ишчи ёлланган ва ўрнатилган тартибда иш ҳақи ҳисобланган ва суғурта бадали тўланган тақдирда бажарилган деб ҳисобланади”, - дейилган лойиҳада.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳри Яшнобод, Юнусобод ва Сирғали туманларида вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини намунавий лойиҳалар асосида 2020 йил 1 мартгача қурилишини якунлаб, ишга туширади.
“2020 йил давомида ишсизлар сони юқори бўлган маҳаллаларда 10 та “Меҳнат гузари” комплексларини намунавий лойиҳалар асосида қуриш, уларда ишсиз аҳоли, биринчи навбатда ёшлар, аёллар, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига хизмат кўрсатиш ва микро ишлаб чиқариш учун имтиёзли равишда жой ажратиш, келгусида эса уларга ажратилган жойларни бозор нархларида харид қилиш имконини берсин”, - дейилган қарор лойиҳасида.
Ҳужжатга 2020 йилда иш қидирувчи шахсларни ишсизлик нафақалари билан таъминлаш прогноз параметрлари илова қилинган: Республика бўйича жами 20 243 одам ишсизлик нафақалари билан таъминлаш режалаштирилган. Маблағнинг умумий суммаси: 24 миллиард 292 миллион сўм. Вилоятлар кесимида энг кўп Фарғона (2287 одам), Самарқанд (2277), Андижон (1996), Қашқадарё (1883) вилоятларида ишсизлик нафақалари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги прогноз параметрларга ўзгартириш киритиши мумкин.