ТОШКЕНТ, 2 дек - Sputnik. МДҲ парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари билан учрашув давомида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғ Абдусаломов танқидий материаллар ва танқид борасида фикрларини билдириб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Танқид бор. Биз уни қабул қиламиз, чунки бу ижобий ҳол. Танқид жамият эркинлигини англатади - демак, бу ишга эркин ёндошилади, жамият эркин фикрлайди. Фикрлар ранг-баранглиги – бу қизиқ. Балки, ҳақиқатда мутахассислар тор йўлдан кетаётган бўлиши мумкин, шу боис танқидий ҳолатларга кенгроқ қарашимиз керак. 2018 йил 20 сентябридан то бугунги кунгача тахминан 32 минг атрофида материаллар чоп этилган бўлса, шундан 2,5 мингтаси танқидий мазмундаги мақолалар ва муносабатлардир. Уларнинг ҳаммасини ўрганмоқдамиз, хақиқатда ўринли танқид бўлса, тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз", - деди Абдусаломов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят ва туман маҳаллий кенгаш халқ депутатлари сайловлари ўтказилади. Ҳозирда ЕҲХТ ва БМТ халқаро кузатувчилар ўз иш фаолиятини бошлаган.