ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев терговга тўсқинлик қилишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесарев Sputnik Қирғизистон нашрига маълум қилди.
Адвокатнинг айтишига кўра, гап Атамбаев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича сўроққа келишдан бош тортгани ҳақида бормоқда.
“Гумон қилиниши тўғрисидаги билдириш хатига терговчининг талабларини бажармаслик тўғрисидаги модда қўшимча равишда киритилган”, - дея тушунтирган Слесарев.
Юристнинг сўзларига кўра, ҳимоя тарафи Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши Атамбаев иштирокисиз ўтишини илтимос қилмоқчи, чунки у ноқонуний жиноий таъқибга норозилик билдириб, саволларга жавоб беришдан бош тортмоқда.
Батукаев иши
Азиз Батукаев 2006 йилнинг август ойида Аламудин туман суди ҳукми билан 16 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, унинг молу мулки мусодара қилинган. Батукаев 2006 йилда Бишкек шаҳри яқинида колонияда оммавий тартибсизлик уюштирганликда ва ҳужум пайтида Қирғизистон парламенти депутати Тиничбек Акматбаев, жазони ижро этиш бошқармаси раҳбари Икматулла Полотов ва парламентнинг икки нафар ходимини ўлдиришда айбланган. Азиз Батукаев 2013 йил 9 апрелда “оғир касаллик” туфайли шартли равишда озод қилинган. У бундан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудини тарк этган.
Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, Батукаев ҳозирда Чеченистонда ноқонуний қурол сақлагани учун жазо муддатини ўтамоқда.
“Жиноий авторитет”га нисбатан жиноий ишни қайта қўзғатилганини 17 апрель куни Қирғизистон бош прокурори Откурбек Жамшитов маълум қилди.
Алмазбек Атамбаевга мазкур жиноят иши юзасидан сўроққа келиш тўғрисида уч марта чақирув қоғози юборилган эди. Қирғизистон ИИВ таъкидига кўра, айнан Атамбаев Азиз Батукаевни озод қилиш тўғрисида фармон берган. Собиқ президентнинг сўроқ келишдан бош тортиши, уни куч билан қўлга олиш махсус амалиёт билан якунланди.