ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев “жиноий авторитет” Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича суд мажлисига келишдан бош тортди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Бугун Бишкекнинг Первомайск туман судида қонундаги ўғри Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича суд мажлиси бошлади. Ушбу жиноят ишида Атамбаев асосий фигурантлардан бири ҳисобланади.
“Қўриқчилар бошлиғи Алмазбек Шаршенович судга боришдан бош тортганини айтди. Ўзимдан шуни қўшимча қиламанки, у (Атамбаев – таҳр.) илгари ҳам ушбу барча қонунга хилоф ҳаракатларда иштирок этмоқчи эмаслигини айтганди”, - деган собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесарев.
Адвокатнинг сўздарига кўра, кейинги суд мажлиси 14 октябрь кунига тайинланган. Ҳозирча кейинги суд мажлисларида собиқ президентнинг иштирок этиши ёки этмаслиги номаълум.
Батукаев иши
Азиз Батукаев 2006 йилнинг август ойида Аламудин туман суди ҳукми билан 16 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, унинг молу мулки мусодара қилинган. Батукаев 2006 йилда Бишкек шаҳри яқинида колонияда оммавий тартибсизлик уюштирганликда ва ҳужум пайтида Қирғизистон парламенти депутати Тиничбек Акматбаев, жазони ижро этиш бошқармаси раҳбари Икматулла Полотов ва парламентнинг икки нафар ходимини ўлдиришда айбланган.
Азиз Батукаев 2013 йил 9 апрелда “оғир касаллик” туфайли шартли равишда озод қилинган. У бундан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудини тарк этган.
Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, Батукаев ҳозирда Чеченистонда ноқонуний қурол сақлагани учун жазо муддатини ўтамоқда.
“Жиноий авторитет”га нисбатан жиноий ишни қайта қўзғатилганини 17 апрель куни Қирғизистон бош прокурори Откурбек Жамшитов маълум қилди.
Алмазбек Атамбаевга мазкур жиноят иши юзасидан сўроққа келиш тўғрисида уч марта чақирув қоғози юборилган эди. Қирғизистон ИИВ таъкидига кўра, айнан Атамбаев Азиз Батукаевни озод қилиш тўғрисида фармон берган. Собиқ президентнинг сўроқ келишдан бош тортиши, уни куч билан қўлга олиш махсус амалиёти билан якунланди.