ТОШКЕНТ, 27 ноя - Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” ва “Татнефть” қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати хабар қилди.
Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда “Андижоннефть” АЖ конларида нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича қўшма корхона ташкил этишнинг асосий шартлари келишиб олинди.
Шунингдек, қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ва рўйхатга олишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар Тошкент яқинидаги инвестиция блокида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишни, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Татнефть” бренди остидаги АЁҚШни реконструкция қилиш ва ишга туширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.
“Татнефть” компанияси ўтган йили 29,5 млн тонна нефть қазиб олган, 2030 йилга келиб ушбу рақамларни 35 млн тоннагача, жумладан, янги лойиҳалар ҳисобига кўпайтириш кутилмоқда.