Мирзиёев: баъзи раҳбарлар матбуотчилар билан мулоқотда маънавиятни унутиб қўймоқда

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мирзиёев баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўяётганини айтди ва барча бўғиндаги раҳбарлар, хусусан, ОАВ ходимлари ҳам масъулият ва жавобгарликни чуқур англаши кераклигини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 23 ноя - Sputnik. Куни кеча ўтказилган селектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги муомала маданияти масаласига тўхталиб ўтди.

Комил Алламжонов - Sputnik Ўзбекистон
АОКА раҳбари блогер ва мухбирларни шошқалоқлик қилмасликка чақирди

"Бугун сизлар билан яна бир муҳим масалани муҳокама қилиб олишимиз зарур. Барчангиз кўриб, билиб турибсиз, бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бу борада айниқса, оммавий ахборот воситалари катта роль ўйнамоқда. Улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборимизни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда бизга кўмаклашмоқдалар. Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу. Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик. Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик", - деди давлат раҳбари.

Президент сўзларига кўра, айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

"Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда", - деб таъкидлаган Мирзиёев.

Джахонгир Артыкходжаев - Sputnik Ўзбекистон
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва журналистлар муаммоси ҳал бўлди

Давлат раҳбари раҳбарлар нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмасликлари кераклигини, раҳбар ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шартлигини айтган.

"Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган
эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса, халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади. Хоҳ у Ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ", деб ўз сўзини якунлаган президент.

Янгиликлар лентаси
0