ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Брюссель Европа молия тизимида Вашингтондан мустақилликка эришишга қарор қилди. Европанинг 20та банки, жумладан энг йирик Deutsche Bank ҳам, американинг Visa ва Mastercard ўрнини босувчи ягона тўлов тизимини ишлаб чиқишга киришди, деб ёзмоқда РИА Новости эксперти Александр Лесных.
Ажралиш
Бугунги кунда Европа Иттифоқи молия-иқтисодий сиёсатида расман мустақил бўлсада, аслида Брюссел кайфияти кўп ҳолларда Вашингтонда белгиланади. Ташқи савдоси доллар билан боғлиқ бўлган кўплаб бошқа мамлакатлар ҳам шундай.
Европаликлар АҚШ молия тизимига тобеликни илк бор 2018 йилда ҳис қилишди. Ўшанда Вашингтон Теҳрон билан имзоланган ядровий битимдан чиққиб, кимда ким Эрон нефтини сотиб олса санкциялар қўллаш билан пўписа қилган эди. Ўшанда Европа мураккаб танлов олдида қолган эди: америка санкциялари остига тушиш ёки кунига 500 баррел нефтдан воз кечиш.
Бугунги кунда дунёдаги аксарят банклараро тўловлар SWIFT тизими орқали амалга оширади. Уни эса АҚШ назорат қилади. Вашингтон ушбу тизимни блоклаб қўйса – бизнес анча қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин.
Европа молиячилари Вашингтон ҳар қандай сабаб билан уларнинг операцияларини тўхтатиб қўйиш имкониятига эга эканлигини яхши тушунган ҳолда, ўзларининг алоҳида банк тўлов тизимини (INSTEX) яратишга киришишди.
Айтиш жоизки Россия ва Хитой ўзларининг алоҳида банк тизимини аллақачон яратишган. Бу СПФС ва CIPS. Ундан ташқари Россия ва Хитой ўз молиявий платформаларини бирлаштиришга киришишган. Кейинроқ, Ҳиндистон ҳам ўз платформаси билан ушбу тизимга қўшилади.
Бу ҳақида Бразилида бўлиб ўтган БРИКС саммитида эълон қилинди. Бирлаштирилган тўлов тизимлари шлюз модели орқали ишлайди. Унда тўлов ҳақида маълумотлар ҳар бир давлат молия тизимига мувофиқ равишда қайта кодланади.
Бундай ёндашув Америка молиявий сиёсатидан холи бўлиш билан бирга савдо-сотиқни доллардан халос қилиш, миллий валюталардан халқаро савдода фойдаланшда кенг имкониятлар яратади.
Visa ўрнига PEPSI
Россия ва Хитой тажрибасига асосланиб, Вашингтонга бўй сўнмаган тўлов тизимини яратиш имкони борлигини тушунган Европанинг 20та энг йирик банклари ишчи номи PEPSI бўлган тўлов тизимини ишга туширди. PEPSI (Pan-European Payment System Initiative), Европада Visa ва Mastercard тўлов тизимларининг ўрнига келиши керак.
PEPSI тўлов тизими Европа компанияларига нафақат Эрон балким Вашингтонга ёқмаган бошқа давлатлар билан ҳам эркин савдо олиб боришни йўлга қўйишда ёрдам беради. Америка тўлов тизимлари Европа фуқаролари нималар харид қилаётгани ҳақидаги маълумотдан маҳрум бўлади ва бу америка компанияларига Европа бозорларига кириш имкониятларини чеклайди.
Пуллар рақамли бўлгани яхши
Европа иқтисодиётини америка таъсири остидан чиқаришнинг яна бир усули бу – рақамли пуллар бўлиши мумкин. Ноябр бошида Deutsche Bank, Credit Suisse ва Commerzbankдан иборат Германия банклари Федерал ассоциацияси Евронинг рақамли аналогини яратиш ва уни умумевропа тўлов тизимига татбиқ этишни таклиф қилишди.
Шу билан бирга, немислар уларнинг ушуб ташаббуси кимга қарши қаратилганини яшираётганлари йўқ. Хусусан, Facebookнинг Librasi бир неча бор тилга олинган.
“Бу АҚШ томонидан ўтказилаётган босим ва рақобатга дош беришнинг ягона услубидир”, - дейилган ассоциация хабарида.
Август охирида Англия банки раҳбари Марк Карни ҳам шунга ўхшаш фикр айтганди. Карнига кўра бутун дунё иқтисодининг фақат долларга қарам бўлиб қолгани бу – қалтис вазиятдир, уни глобал товарлар истеъмол саватига асосланган янги рақамли валюта билан алмаштиришни таклиф қилган эди.
“Кўп қиррали дунёда бизга кўп қиррали валюта керак. Бугунги кунда жуда кўп мамлакатлар америка валютаси курси ўзгаришига қарам бўлиб қолган. Ундан ташқари глобал молия тизими ҳам мувозанатдан чиқиб кетган, чунки айрим мамлакатлар салбий молиялаш ставкасига ўтган вақтда АҚШ ва бошқа давлатлар ставкани нолдан юқори даражада ушлаб турибди”, - дейди Англия банки раҳбари.
Унинг фикрига кўра, дунё молия тизимига мувозанатни фақат янги валюта бериши мумкин ва у рақамли бўлгани яхши.