ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев билан учрашди.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон раҳбари Танзила Норбоеванинг ташрифи парламентлараро алоқаларни ривожлантириши ва давлатлараро муносабатларга қўшимча туртки бериши туфайли катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлибгина қолмай, балки қатор масалаларда бир-бирини тўлдириб туради. Шунинг учун муваффақият қозонишимиз муқаррар. Боз устига, биз ҳамкасбим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳар жабҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун фаол ҳаракат қилишга келишиб олганмиз”, – деди Қасим-Жомарт Токаев.
Қозоғистон президенти 2018 йилда савдо ҳажми 2,5 млрд. долларга етганлигига ва шу йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилги кўрсаткичдан ошиб кетганлигига урғу берди.
Ўз навбатида, Танзила Норбоева илиқ кутиб олганликлари учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзини етказди. Сенат раҳбари Қасим-Жомарт Токаевнинг давлат раҳбари лавозимига сайланиши унинг аввалги лавозимда тажрибали дипломат, обрў-эътиборли раҳбар ва, энг асосийси, Қозоғистонда давлатчиликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш йўлида кучли сиёсат олиб борган биринчи президент Нурсултон Назарбоев ғояларини давом эттирувчиси шахс сифатидаги фаолиятининг эътирофи эканлигини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар юксак даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини ва кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Танзила Норбоева Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Дарига Назарбоева билан учрашгани хабар қилинган эди.