ТОШКЕНТ, 30 окт - Sputnik. ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув марказида ўзбек сапёрлари янги "СПС – 15" сапёрлик костюмини синовдан ўтказишди, деб хабар қилмоқда "Postda" нашри.
Таъкидланишича, костюм "Garant" Швейцария–Германия компанияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.
"Бу сапёрлик костюмининг бир қанча афзаллик томонлари бор экан. Биз ҳозир фойдаланиб келаётган бундай костюмларнинг оғирлиги 38 килограммни ташкил этади. Шунинг эвазига унда ҳаракатланиш анча енгил ва қулай. Олд ҳимоя қисми ҳам анча кучайтирилган. Ундан ҳам овоз, ҳам рақамли тугмачалар орқали алоқага чиқиш мумкин. Бош шлемда видеотасвирга олиш имкони мавжуд бўлиб, у онлайн режимида ишлайди. Бу сапёр кўриб турган вазиятни узоқдагилар ҳам кўриб туради. Алоқа сифати ҳам жуда яхши", - дея костюм ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашган марказ катта инструктор-ўқитувчиси, подполковник Марсел Ягафаров.
Таъкидланишича, костюм анча устунликка эга бўлгани билан, ҳарбийлар томонидан фойдаланиш жараёнида айрим ноқулайликларга ҳам дуч келинган. Хусусан, шлем ичида бошнинг ҳаракатланиши чекланган. Хавф юзага келганда бошни орқага олиш мушкул. Яна уни бир киши кийиб-ечиши бироз кўп вақт олади.