ТОШКЕНТ, 16 окт - Sputnik. “Миллий тикланиш” партиясининг Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати Яшнобод туман аҳолиси билан жанжаллашаётгани видеоси тарқалди.
Маълум бўлишича, депутат кўпхонадонли уйнинг биринчи қаватидан офис олган ва у ерга Махтумқули кўчасидан тўғри йўл солмоқчи бўлган. Бунга маҳаллий аҳоли қаршилик кўрсатган, чунки янги йўл у ерда жойлашган болалар майдончасига зарар етказиши мумкин бўлган.
Энг асосийси - депутат ушбу йўлни ўтказиш учун тегишли органлардан олинган ҳеч қандай рухсатномани кўрсатмаган. Рухсатномани кўрсатишни талаб қилган маҳалий аҳолига депутат ҳурматсизлик билан муносабатда бўлган. Хусусан, депутат ёши ўзидан катта бўлган одамга қараб – Сан кимсан ўзинг? , дея бақиргани видеолавҳада акс этган.
Яшнобод туман ҳокимлиги ушбу вазиятга ҳозирча муносабат билдирмади. Телефон орқали улар билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, олдин ушбу депутат ижтимоий тармоқларда ўзининг зиддиятли ғоялари билан “машҳур” бўлган эди. Хусусан у аёлларни давлат бошқаришига қўймаслик, Қуръонни биринчи синфдан бошлаб ўқитиш, уйғурларни Хитой ҳукуматидан ҳимоя қилиш ва бошқа ғоялар билан чиққан эди.