ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Тошкентда йўловчи талашган ҳайдовчиларнинг муштлашуви жиноят иши қўзғатилиши билан якунланди.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, 24 сентябрь куни Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасидаги автотураргоҳда 23 ёшли Анвар Н. ва 21 ёшли Шаҳбоз У.лар орасида йўловчи талашганликлари сабабли келишмовчилик юзага келгач, бири иккинчисини урган.
Эртаси куни Шаҳбоз У. автотураргоҳга танишлари – 39 ёшли Ўктам К. ва 20 ёшли Аббас У.лар билан келган. Анвар Н. Ўктам К. билан гаплашиб турганидан фойдаланиб, Шаҳбоз У. унинг орқасидан келиб Анварни ура бошлагач, унга Аббос У. ҳам қўшилган. Ўктам К. эса уларни ажратган.
Маълум қилинишича, жанжалдан сўнг Анвар Н. тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, аммо шифокорларга эҳтиётсизлиги сабабли йиқилганини айтган.
Бир неча кундан дўппосланган ҳайдовчининг отаси интернет тармоғида видеони кўриб, Жиззах вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ариза ҳодиса содир бўлган ҳудуддаги ички ишлар органи – Чилонзор тумани ИИО ФМБга йўналтирилган.
Ушбу ҳодиса юзасидан “Безорилик” моддаси билан жиноий иш қўзғатилди. Суд-тиббий экспертизаси тайинланди.