ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. “Тошкент” халқаро аэропортида қуйма тилла бўлакларини оғзига солиб, хорижга учмоқчи бўлган фуқаро тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, божхоначилар хорижга учиб кетиш мақсадида “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро М.А.нинг хатти-ҳаракатларини тезкор кузатувга олишди.
Шундан сўнг ушбу фуқаро замонавий сканер қурилмаси ёрдамида холислар иштирокида текширувдан ўтказилганда унинг қинғир режаси фош этилди.
“Ушбу шахс ўз оғиз бўшлиғига умумий вазни 213 граммни ташкил этувчи 2 дона қуйма тилла бўлакларини солиб, хорижга учиб кетишни режалаштирган экан.
Қонунбузардан умумий қиймати 70 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи қуйма тилла бўлаклари ашёвий далил сифатида олинди”, - дейилган хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.