ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Когон туманида мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб этилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, пахта даласига бешинчи ва ундан юқори синф ўқувчилари олиб чиқилган. Ҳозирги кунда мутасаддилар мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
“Ўрганиш натижасига кўра, мазкур иддаолар тасдиқланса, қонунни ҳимоя қилиш органлари томонидан жавобгарликка тортилиши лозим”, - дейилади хабарда.
Хабарда ХТВ мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ва тизим ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилишига қарши ва жойлардаги тизим раҳбарларидан мажбурий меҳнатга йўл қўймасликни талаб қилиши қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фуқароларни пахта теришга мажбурлаган Боғот тумани ҳокимига жазо тайинлангани хабар қилинган эди.