ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия парламенти юқори палатаси раҳбари Валентина Матвиенконинг ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжуманида сентябрь ойидан буён Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 фоиздан зиёдга ўсганини маълум қилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилмоқда.
“Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-сотиқ жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг илк 10 ойида товар айирбошлаш ҳажми 10 фоиздан зиёдга ўсди. Ўтган йилги кўрсаткичлар ошиши кутилмоқда, - дея қайд этди Сафоев. – Ҳозир ҳар иккала томондан экспорт ва импорт ўртасида муайян дисбаланс мавжуд. Россия вакиллари Ўзбекистон томонидан ўртага ташланган мамлакатга кўпроқ Россия бозорлари очилиши кераклиги ҳақидаги саволига тушуниш билан ёндошди. Бу эса Россия томонидан божхона тартиб-қоидалари, фитосанитария талабларини ўзгартиришни талаб қилади. Бундан буёғига енг шимариб ишлаймиз”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгаши Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар етказиб бериш жараёнини соддалаштириш учун тадбирлар режасини тайёрлашди. У Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзовот ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Россиянинг турли ҳудудларидаги харидорларга етказиб бериш жараёнини тезлаштириш ва етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга имкон беради.
Валентина Матвиенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг республика 2024 йилга қадар Россия билан савдо ҳажмини 25 миллиард долларга оширишни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш 4,4 миллиард долларга етган.