ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Улуғ Ватан уруши йилларида Ўзбекистон ССР бутун Совет иттифоқидан бир ярим миллиондан ортиқ инсонларга бошпана берган.
Эвакуация оғир шароитларда кечган: шошилинч равишда, маълумотлар етарли бўлмаган, ҳатто йўл олинган манзил номаълум эди. Эвакуация қилинганлар янги ўлкада - ноодатий иқлим, ўзгача анъаналар ва турмуш тарзи, ва ниҳоят, бегона тил билан тўқнаш келишган. Аммо ўзбеклар, эвакуация қилинганлар ўзларини ҳеч кимга керакмас келгиндилардек ҳис этмасликлари учун, қўлдан келганча ҳаракат қилишган.
Тарих фанлари доктори, А. С. Пушкин номидаги Ленинград давлат университетининг Россия тарихи кафедраси профессори Николай Козлов Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган "Эшелонлар шарққа кетмоқда" анжуманида уруш болаларининг Тошкентдаги ҳаёти ҳақидаги хотиралар билан ўртоқлашди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, урушнинг залворли дамларида ўзбекистонликлар эвакуация қилинганларга меҳр билан, бағрикенглик билан муносабатда бўлишган, улар билан ўз уйи, овқати ва кийим-кечагини баҳам кўрган.
"Ватандошимиз, 1941 йилда Тошкентга Ленинграддан эвакуация қилинган фронт қатнашчиси Меркулова, эвакуация қилинган болаларнинг вокзалга олиб келиниши воқеасини ёдга олар экан, ҳукумат раҳбарларининг ўзбекистонлик аёлларга "эвакуация қилинган болаларга оналик меҳрини кўрсатиш чақириғи"га минглаб аёллар "лаббай", дея жавоб беришганини айтади. Хусусан, унинг сўзларига кўра, ўзбек аёллари вокзалга тез-тез келиб, болаларни оилаларга олиб кетишар эди. Бухоро вилоятидан ҳатто: "Болаларни ўз қарамоғига олмоқчи бўлган фуқароларимиз талабларини қондира олмаяпмиз. Агар бошқа вилоятларда эвакуация қилинган мактабгача ёшдаги болалар бўлса, уларни Бухорога юборинг", деган хат келган.
Эвакуациядан тирик қолган уруш болалари кейинчалик, ўша йилларда улар фақатгина кўмак ва ҳамдардлик, бир томондан мутлақо бегона одамларнинг охирги бўлак нон билан бўлишишга тайёрлиги сингари юксак инсонийлик фазилати туфайли яшаб қолганликларини тан оладилар.
"Улар ёзишарди: биздан юз ўгиришмади, иссиқ жой беришди, ўзлари қисинган бўлса-да, лекин биз учун жой ажратишди. Биз эвакуация қилинганлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида бирорта можаро юз берганини эслай олмаймиз, — дея ўз докладини ўқишда давом этади профессор Николай Козлов. — Яна бошқалари эса шундай хотирлаган: бизни оға-инилардек қарши олишди, бошпана беришди, сўнгги бурда нонни ҳам биз билан баҳам кўришди. Ширин сўзларини дариғ тутишмади. Худди бошига иш тушган жигари сингари бизнинг бошимизни силашди. Ўзлари очликдан нобуд бўлса-да, бироқ овқатини биз билан баҳам кўрдилар. Бизни қутқаришди, нон беришди, энг оғир дамларда бизга ёрдам қўлини чўзишди".
Иттифоқдаги барча шоирлар сафида Тошкентга юборилган Корней Чуковский 1942-йиллар бошларида фронтда хизмат қилаётган ўғлига шундай сатрни битган: "Ўзбеклар ажойиб халқ, хушмуомала, боадаб".
"Актриса Фаина Раневская эса бир воқеадан қаттиқ таъсирланган: маълум бўлишича, у қаердандир бир бўлак саксовулни судраб келган бўлиб, шоира Анна Ахматовани исинтириш учун уни майдалай олмайди. Кўчага чиқиб турса, олдидан белига болта ва болға осиб олган маҳаллий яшовчи ўтиб қолади. Раневская эркакдан саксовулни бўлаклаб беришни сўрайди. Эркак унинг илтимосини бажаради. Шунда актриса хизмат учун ҳақ тўлашга пули йўқлигини айтади ва эркакдан: "Менга пул керак ҳам эмас. Сиз исинсангиз, мен сиз учун хурсанд бўламан, пул нима? Пул ҳеч нарса", деган жавобни эшитади. Эҳтимол, шу учундир, рус шоираси Анна Ахматова Тошкентда кечирган ҳаёти ҳақида кейинчалик ўз хотираларида, айнан шу шаҳарда илк марта инсон сахийлиги нима эканлигига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзган", - дея хотима қилди профессор.