ТОШКЕНТ, 27 сен - Sputnik. Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими фуқароларни пахта теримига жалб қилгани учун жаримага тортилди.
Меҳнат вазирлиги хабарига кўра, айрим нашрларда Боғот тумани ҳокимининг фуқароларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабарлар ўрганиб чиқилган. Хабарда айтилишича, туманда жорий йил 15 сентябрдан ҳудуддаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси, корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари пахта теримига сафарбар қилинган.
Туман молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезов қўл остидаги ходимларни пахта теримига чиқарган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида юборилган ишчи гуруҳ Боғот туманига етиб борган.
Ўрганиш натижасида Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланган.
“Шунга мувофиқ, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланди”, - дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик агар фуқаролар пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлансалар ёки шундай ҳолатга дуч келсалар, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot телеграм ботига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтган.