ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги ташкил этилди.
Шунингдек, Фармонга мувофик 2020 йил 1 июнгача давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилади.
2020 йил 1 июнгача қуйидаги давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали кўрсатилиши жорий этилади:
👉 ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
👉 иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
👉 иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
👉 араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш;
👉 архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш).
Мазкур архив маълумотномаларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.