Тошкент шаҳри Сергели туманида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан "Бахтли болалик" ва "Билимлар мамлакати" деб номланган иккита давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Sputnik Ўзбекистон мухбири ҳам иштирок этди.
Ушбу замонавий боғчалар Туманнинг Қумариқ ҳамда 5А даҳасида жойлашган бўлиб, шу пайтгача Ўзбекистонда фаолият юритган боғчалардан тубдан фарқ қилади. Ичкарига қадам қўйишингиз билан, барчаси болалар учун, улар ўзларини бахтиёр ҳис этишлари учун пухта ўйланганлигига гувоҳ бўласиз.
Йирик жавонлар ўрнини мобил модуллар эгаллаган. Ўйин ва ўқув қуроллари болалар бўйи етадиган жойда жойлашган. Гуруҳлар ва коридорларда нутқ ва ёзиш, билимни ривожлантириш, ижод, қурилиш, конструкциялаш ва маетаматика, сюжет ўйинлари, кутубхона каби кўплаб ривожлантириш марказлари мавжуд.
"Сергелида бир йўла иккита МТМ очилиши яна 600 нафар болалар сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Шунингдек, қисқа муддатли гуруҳлар очилиб, уларга 240 нафар болалар қабул қилинади", дея таъкидлади очилиш маросимида нутқ сўзлаган Мактабгача таълим вазирлиги раҳбари Агриппина Шин.