ТОШКЕНТ, 30 июл – Sputnik. “Мактабгача таълим муқобил шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарор лойиҳаси тайёрланди.
Ҳужжатда айтилишича, 2019-2020 ўқув йилида ISUZU HC 40 махсус жиҳозланган автобусларида мобил мактабгача таълим гуруҳларини ташкил қилиш бўйича лойиҳани жорий этиш назарда тутилган.
Кўчма гуруҳлар мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болаларга мактабгача таълим олишларига ёрдам бериш мақсадида ташкил этилади.
Мактабгача таълим вазирлиги таълим-тарбия жараёнига мобил гуруҳларини замонавий инновацион педагогик технология, таълим ва тарбия самарали шакл ва услубларни жорий этади. Шунингдек мобил гуруҳларни ўқув-услубий қўлланмалар, дидактик материаллар, болаларни ривожлантирадиган ўйинчоқ ва ўйинлар, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс этган ва болаликдан китоб ўқишга бўлган қизиқишни уйғотадиган адабиётлар билан таъминлайди.
Қайд этилишича, мобил гуруҳлар (таълим-тарбия жараёни ҳафтада 7 соатдан кам бўлмаслиги керак) мактабгача таълим тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шунингдек, лойиҳага мобил мактабгача таълим гуруҳлари фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида низом илова қилинган.