ТОШКЕНТ, 17 сен - Sputnik. Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева билан ўзбекистонлик мигрантлар масаласини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Москва ва Тошкент муносабатлари жадаллигини даражасини бир неча фактлар аниқ кўрсатиб турибди: Россия Ўзбекистонга киритаётган инвестициялар ҳажми бўйича биринчи ўринда туради, савдо айланмаси ҳажми бўйича - Хитойдан кейин иккинчи ўринда. Аммо Москва Пекиндан атиги икки фоизга ортда қолмоқда. РФ Давлат думаси раисининг таъкидлашича, мамлакатларни иқтисодиётдан кўра, биринчи навбатда одамлар бирлаштириб, яқинлаштириб туради.
Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича Россияда биринчи позицияни эгаллайди, бу ерда икки миллион икки юз минг Ўзбекистон фуқаролари ўз меҳнат фаолиятини амалга ошириб келишмоқда, дея эслатиб ўтди Володин.
"Мигрантлардан улар Россия иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшаётганлари учун миннатдорлик билдиришимиз даркор. Шу билан бирга улар Ўзбекистон Республикасининг тараққиётига ҳам ҳисса қўшмоқдалар. Мана шу ва бошқа соҳаларда муносабатларимиз қонуний ривожланиши ҳақида ўйлаб кўришимиз керак", - деди РФ Давлат думаси раиси.
Нарбаева бунга жавобан меҳнат миграцияси масаласи Ўзбекистоннинг устувор масалаларидан бири эканлигини таъкидлади.
"...фуқароларимиз Россия Федерацияси ёки бошқа давлатларда мигрант сифатида иш фаолиятини олиб боришларига қарши эмасмиз. Лекин улар меҳнат қонунчилигига амал қилишлари шарт, улар ижтимоий муҳофазага олинган бўлишлари керак. Россия томони меҳнат миграцияси бўйича Ҳукуматлар ўртасида бўлган келишувни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини эшитганимиздан мамнунмиз", - деди Нарбаева ва бу йўналишда икки давлат парламентлари ўз режаларини тақдим этиш борасида ўйлаб кўришлари кераклигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Россия ва Ўзбекистон парламенти вакиллари икки давлат олдида турган умумий чақириқларга биргаликда қарши туриш мақсадида қонунчиликни мослаштиришга келишиб олишгани ҳақида хабар берган эдик.