ТОШКЕНТ, 20 авг – Sputnik. Грузиянинг “Рустави 2” телеканали янги бош директори Паата Салия қатор журналистлар, жумладан, Георгий Габуния ишдан бўшатилганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
“Телекомпания ахборот хизмати директори Нодар Меладзе манфаатлар тўқнашуви туфайли лавозимидан озод этилди. У билан бирга яна бир нечта журналистлар ишдан бўшатилди, аммо ҳозир улар меҳнат таътилида”, - деди Салия брифингда.
Эслатиб ўтамиз, Грузиядаги "Рустави 2" телеканали бошловчиси илгарироқ эфирда 1 дақиқа давомида Россия президенти Владимир Путинни ва унинг марҳум ота-онасини ҳақорат қилган эди.
Ушбу воқеадан бир неча соат ўтиб телеканал атрофида фавқулодда митинг тўпланди. Журналист хатти-ҳаракатидан норози бўлган одамлар уни ишдан ҳайдашни ва умуман ушбу телеканални ёпишни талаб қила бошлашди.
Путин грузиялик журналистнинг ҳақоратига ўз муносабатини билдирди - видео
"Рустави 2" телеканали Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили етакчилик қилган "Ягона миллий ҳаракат" партиясига тегишли бўлган. Айни дамда партия барча йўналишларда инқирозга учраган бўлса-да, унинг айрим вакиллари ҳалиям провокациялар уюштиришга уринишларини тўхтатмаган. Путинни ҳақорат қилган журналист Георгий Габуния - Саакашвили давридан қолган фитначи, десак адашмаймиз.
Россия парламенти делегациясининг Тбилисига ташрифи вақтида пойтахт кўчаларида Россияга қарши митинглар бўлиб ўтган эди. Ушбу митинглар Грузия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланмаса-да, уларга барҳам бериш учун ҳам жиддий чоралар кўрилмаганди. Шу сабаб Россия ҳукумати Грузияга сайёҳлар юборишни чеклашни маъқул кўрди.
Россия Давлат Думаси ҳукуматга Грузияга нисбатан санкциялар қўллаш мақсадга мувофиқлигини тавсия этди. Путин "грузин халқига ҳурмат туфайли" Тбилисига қарши санкциялар қўллашга қаршилигини билдирди. Россия етакчиси, шунингдек, уни ҳақорат қилган журналистга қарши жиноий иш қўзғатилишини қўллаб-қувватламади.