Тошкентда Қурбон ҳайити ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда. Эрта тонгдан Ўзбекистондаги жоме масжидларида Қурбон ҳайити намози адо этилди. Тошкентдаги Ҳазрати Имом жоме масжиди ҳам эрта тонгдан мусулмонлар билан гавжум бўлди.
Қурбон ҳайит – мусулмонларнинг энг улуғ байрами ҳисобланади.
Байрам куни тонг саҳардан мусулмонлар таҳорат қилиб, тоза кийим кийишади. Кейин масжидга бориб намоз ўқишади. Намоздан сўнг қурбонлик қилинади ва байрам дастурхони ёзилади. Қурбонликдан барча қўшниларга, камбағал ва ночорларга тарқатилади.
Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этадилар. Қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудратли таниш-билишлар ҳам худди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрашсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шавқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.