ТОШКЕНТ, 10 авг - Sputnik. Хонанда Наргиз Зокирова Instagram саҳифасида ўз ижодини кузатиб бораётганларга мурожаат қилиб, Максим Фадеев ва унинг MALFA продюсерлик маркази уни 90-йиллардаги усуллар билан таъқиб қилаётганини маълум қилди.
"Шундоқ кўриниб турган аблаҳлик ва орсизлик олдида мен бир нарса дейишга ожизман. Бир нарсани айтишим мумкин, мени ҳамма бир хил огоҳлантирган, йиллар давомида ... Малфа ва унинг раҳбарияти томонидан, билишимча, менга "кислородни бўғиб қўйиш учун" оддий таъқиб бошланган ва бунда улар барча қўл келган усуллардан фойдаланишмоқда", - деб ёзади Наргиз.
Хонанданинг айтишича, август ойига режалаштирилган барча концертлар продюсерлик маркази ва унинг раҳбарияти томонидан бекор қилинган. Воронеждаги концерт ташкилотчиси сўзларига кўра эса, "Малфа" маркази уларни Наргиз чиқиши керак бўлган, аммо чиқмаган поезд перрони акс этган видеони олиб ташлашга мажбур этган.
"90-йиллар ҳиди келмоқда, шундайми?", - қўшимча қилган санъаткор.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал хонанда Instagramдаги саҳифасида Максим Фадеевга қарашли продюсерлик маркази унга лейбл билан ҳамкорлик бекор қилингани ҳақида расмий ҳужжат юборганини маълум қилган эди.
Энди санъаткорга продюсерга тегишли мусиқий асарларни ижро этиш таъқиқланган, MALFA продюсерлик маркази эса август ойига режалаштирилган тур бўйича мажбуриятларидан воз кечмоқда.
Хонанданинг сўзларига кўра, гастрол сафарига чиқишга тайёр турган мусиқий жамоа учун бу кутилмаган янгилик бўлган.
Максим Фадеевга қарашли продюсерлик маркази ўзининг Instagramдаги саҳифасида Наргиз томонидан шартнома бекор қилиниши бўйича билдирилган эътирозларга жавоб қайтарди.
MALFA концерт ҳақиқатан бекор қилинганини тасдиқлаган, фақат бунга хонанда Наргизнинг ғойиб бўлганини сабаб қилиб кўрсатган.