ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида такси хизматини кўрсатувчи корхоналар фаолиятини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси кенг муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳасида таксиларнинг ташқи кўриниши қандай бўлиши кераклиги, уларни таништирувчи белгилар ҳамда қандай қўшимча ахборотлар билан таъминланиши лозимлиги кўрсатилган.
Муҳокамадаги қарор лойиҳасида шунингдек, ҳайдовчиларга аниқ талаблар қўйилган. Хусусан, такси ҳайдовчиси бўлишни истаганлар 21 ёшга тўлган, енгил турдаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун "В" тоифа рухсатномасига эга, тиббий кўрикдан ўтган ва шу соҳада камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши керак.
Лойиҳада йўловчиларга ташиш хизматини кўрсатишга қаратилган солиқни ҳам қайта кўриб чиқиш, хусусан, буюртманинг 4 фоизини солиқ сифатида тўлаш таклиф этилган.
Такси транспортининг келажагига бефарқ бўлмаган фуқаролар ушбу лойиҳа билан танишиб чиқиш ва муҳокама жараёнида фаол иштирок этишлари мумкин.
Муҳокама 16 августга қадар давом этади. Бунинг учун ID.GOV.UZ сайтида рўйхатдан ўтиш кифоя.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида амалдагидан уч баробар ошиқ нарх белгилаган такси ҳайдовчиларига нисбатан чора кўрила бошлагани ҳақида хабар берган эдик.