ТОШКЕНТ, 31 июл – Sputnik. Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳридаги 218-мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабар юзасидан баёнот берди.
“Вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур маълумотни ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида ушбу ҳолатга йўл қўйганларга чора кўради”, - дейилган хабарда.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли қарорининг 16-бандига кўра халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш қатъиян таъқиқланган.
Мазкур бандга кўра, Бош прокуратура Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортишни таъминлаш топширилган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган.
“Тизимдаги ходимлар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганида ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин”, - дейилган хабарда.