ТОШКЕНТ, 29 июл – Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг Қурол тўғрисидаги қонуни имзоланди.
Қонунга кўра қуролнинг қуйидаги турлари фарқланди:
- фуқаровий қурол;
- хизмат қуроли;
- жанговар қурол.
Фуқаровий қурол жумласига ов, спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари киради.
Қуйидагилар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли ҳисобланади:
- газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар;
- электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.
Жамоат жойларида, шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш тақиқланади.
18 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.
Миллий гвардия органлари томонидан бериладиган 3 ойлик рухсатномалар асосида фуқаровий ва хизмат қуроли олиниши мумкин.
Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.
Қуролни олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.
Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:
- ариза;
- шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);
- қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;
- қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;
- йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
- овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);
- овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);
- отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.