ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
“Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббусининг 5-йўналишини амалиётга тадбиқ этиш хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилган ҳужжатда.
Ҳужжатга 2019 йилда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича йўналишлар кесимидаги тақсимот; хотин-қизлар учун давлат дастури асосида яратиладиган қўшимча иш ўринларининг йўналишлари бўйича тақсимоти илова қилинган.
Шунингдек, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобидан ўз тадбиркорлигини ташкил этадиган хотин-қизларнинг туман (шаҳар) кесимидаги асосий параметрлари кўрсатилган.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳунармандчилик ва ипакчилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда шу мақсадда маҳаллалар қошида ҳунармандчилик ва ипакчиликка ихтисослашган енгил конструкцияли цехларни ташкил этиш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқласин”, - дейилган қарор лойиҳасида.
Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларига қуйидаги вазифалар баён этилган.
- янгидан ташкил этиладиган ҳунармандчилик ва ипакчилик кластери корхоналарида кластер тизимини тўлиқ ўз ичига олган жараённи ташкил этиш, янги тутзорларни ташкил этиш учун пахтадан қисқартирилган ерлардан 100 гектардан кам бўлмаган ер майдонлари ажратиш;
- замонавий пилла етиштириш иншоотларини қуриш учун тумандаги корхона ва ташкилотларнинг бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлардан белгиланган тартибда ажратиш;
- бир ой муддатда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари
ва тижорат банклари билан биргаликда дастурга киритилган тадбирларни амалга оширилишининг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш;
- вилоятда ташкил этилган “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” орқали хотин-қизларни, айниқса, қийин аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни ўқитиш дастурини ишлаб чиқиш.