ТОШКЕНТ, 3 июл – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бир қатор тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан Нодирбек Нуъманович Бойтемиров Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Нодирбек Бойтемиров 1973 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1995 йилда Фарғона шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи, Хоразм вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Тайинлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девони бўлим мудири лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан Содиқжон Рахимович Назаров Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Содиқжон Назаров 1961 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1985 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1992 йилда Сирдарё тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, Шароф Рашидов, Ховос, Сардоба, Сайхунобод туманлари прокурори, Бош прокуратура ва Сирдарё вилоят прокуратурасининг турли лавозимларида фаолият олиб борган.
Тайинлангунга қадар Сирдарё вилояти прокуратураси фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан Шавкатжон Жўраевич Раҳимов Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Шавкатжон Раҳимов 1968 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1996 йилда Норин тумани прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Тўрақўрғон тумани прокурори, Наманган вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи, Бош прокуратурада бошқарма катта прокурори сифатида фаолият олиб борган.
Тайинлангунга қадар Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан Содикжон Алижонович Бердиалиев Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Содиқжон Бердиалиев 1976 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2012 йили Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2000 йилда Андижон шаҳар прокуратураси иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Андижон шаҳар прокурори, Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Тайинлангунга қадар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.