ТОШКЕНТ, 2 июл – Sputnik. Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ота-оналарни фарзандлари мактабгача таълим ташкилотларига ноқонуний равишда қатнаши билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантиради.
Вазирлик хабарида айтилишига кўра, МТВ Ички аудит хизмати томонидан 2018 йилда Тошкент шаҳри ва республика вилоятларида МТТга тегишли йўлланмасиз қатнаётган 1059 нафар болалар аниқланган. 2019 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 373 нафар болаларни, шу жумладан 3 ёшга тўлмаган тарбияланувчиларни ташкил этган.
“Бунда шуни ёдда тутишингиз керакки, МТТ маъмурияти ва педагоглари расмийлаштирилмаган тарбияланувчилар учун жавобгар бўлмайди. Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари қиш мавсумида уларни совуқ заллар ва омборхоналарда, ҳовлидаги шийпончаларда учратган. Баъзан болаларда ҳатто устки иссиқ кийим бўлмаган, чунки уларни гуруҳлардан шошилинч равишда чиқаришган. Амалиётимизда шундай ҳолатлар бўлганки, ҳисобга олинмаган тарбияланувчиларни қуриб битказилмаган биноларда яширишган. Болалар МТТларга тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ҳолда қатнаётганда қандай хавф-хатар остида қолиши ва қандай стресс ҳолатларини ўтказишини англаётгандирсиз”, - дейди МТВ Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.
Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 58-сонли МТТда текшириш ўтказилганда, 60 нафар болалар Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари томонидан МТТ яқинида қурилаётган бино ҳудудида аниқланди.
МТТларга ғайриқонуний равишда қатнаш бошқа тарбияланувчилар шароитларига ҳам салбий таъсир этади.
“Ошхона ходимлари озиқ-овқат маҳсулотларини гуруҳлардаги расмий тарбияланувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда оладилар. Белгиланган нормаларга мувофиқ, ҳар бир болага муайян миқдорда гўшт, ёрмалар, сут ва бошқа маҳсулотлар ажратилади. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари 30 нафар тарбияланувчиларга ажратилади, тайёр овқат эса 35 та порцияга бўлинади. Натижада гуруҳдаги барча болаларга белгиланганидан кам ҳажмда ривожланиш учун зарур бўлган озуқа моддалари берилади. Албатта, озиқ-овқат сифатига озиқ-овқат маҳсулотларининг ўғирланиши ҳам таъсир этади, бироқ, хабарингиз борки, Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим тизимидаги ноинсоф ходимларига қарши фаол курашмоқда”, - дейди Дилшод Норматов.
Вазирлик хабарида расмийлаштирилмаган болалар учун тўлов МТТ мудири томонидан ўзлаштириб олиниши, бу эса мамлакатдаги коррупция омилини кучайтириши таъкидланган.
Ҳисобга олинмаган болалар масаласини ҳал этиш учун Мактабгача таълим вазирлиги МТТларда жойларни кўпайтириш бўйича ишларни давом эттирмоқда. 2019 йилнинг I чораги ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 8 000 та МТТлар фаолият юритиб келмоқда, ушбу кўрсаткич эса 2017 йилдаги кўрсаткичдан 53 фоизга юқори. Давлат МТТлар сони 812 тага, нодавлат МТТлар сони эса 2 000 тага кўпайди (МТТлар сонининг кескин ўсиши 1 200 та оилавий МТТлар юзага келиши билан ифодаланади). Кўрилган чоралар болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳажмини 38 фоизгача (2017 йилдаги 27,7 фоизга нисбатан) етказиш имконини берди.