ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Самарқанддаги Регистон майдонида 26-30 август кунлари ўн иккинчи бор "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали ўтказилади, деб хабар берди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Қайд этилишича, 2019 йил 25 апрелда Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида қабул қилинган низомга кўра, бу йил фестивални ўтказиш бўйича бир қатор янгиликлар қилинган.
Яъни бу йил танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш - анъанавий халқ мусиқаси ва қўшиқ ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналишларида баҳоланади.
"Энг ёш иштирокчи", "Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи", "Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси" каби номинацияларда ҳам иштирокчилар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
"Нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистоннинг гавҳари бўлган Регистоннинг бадиий кўриниши сақланган ҳолда, Шердор ва Улуғбек мадрасаларининг ёнида юртимизнинг 14 ҳудуди учун павильонлар қурилади", - дейилади хабарда.
Шунингдек, фестивалда 80 дан ортиқ давлатлар, 30 та хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида ўтказиладиган "Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияда хорижлик ва маҳаллий таниқли мусиқашунос олим ва мутахассислар ҳамда тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашади.