ТОШКЕНТ, 23 июн – Sputnik. Ўтган ҳафтра Эрон томонидан уриб туширилган АҚШ учувчисиз аппарати оддий дрон эмас, нархи 220 миллион турадиган ҳақиқий шпионлик монстри бўлган, деб хабар қилмоқда Wired нашри.
Эрон хабарига айтилишига кўра, уриб туширилган аппарат - RQ-4A Global Hawk бўлган. Ушбу аппарат нафақат қиммат балким ўта замонавий ва махфий технологияларни ўзида мужассамлаштиргани туфайли, унинг уриб туширилиши АҚШнинг шу қадар ғазабини қайнатди-ки, Трамп ҳатто Эронга қарши уруш очишга буюруқ берган.
Келинг RQ-4A “Global Hawk” учувчисиз аппаратига яқин роқ назар ташлайлик. Ушбу қурилма Northrop Grumman компанияси томонидан 1998 йил охирида ишлаб чиқарилган ва 2004 йилда АҚШ Қуролли кучларида фойдаланила бошланган.
Global Hawk – дунёда энг йирик учувчисиз аппарат ҳисобланади. Унинг узунлиги 13,3 метр, қанотлари кенглиги эса – 35 метр, оғирлиги – 15 тоннагача. Парвоз узоқлиги 25 000 км, давомийлиги – 36 соатгача.
Global Hawk – энг замонавий оптик, инфрақизил ва радиотўлқин ёрдамида ишловчи кузатув мосламалари билан жиҳозланган. Аппарат кенглиги 10 км бўлган ҳудудини тинимсиз скан қилиши ва ҳаракатланаётган ҳар қандай объектларни аниқлаш ёки 2х2 км квадратнинг аниқ деталлашган суратларини олиш имконига эга. Аппарат кенг полосали спутниклар орқали ишлайдиган алоқа тизимига эга. Ушбу тизим орқали Global Hawk барча маълумотни ерга реал вақт ичида юбориб туриши мумкин.
Учувчисиз аппарат айрим қирувчи самолётлардан каттароқ ва уларга қараганда бир неча баробар мураккаб. Шунидек, унда АҚШнинг энг замонавий разведка ва кузатув техникси мужассамлашган. Шу сабаб Пентагон ушбу аппарат уриб туширилганда “типирчилаб” қолгани беъжиз эмас. Агар ушбу технологиялар Эрон қўлига тушиб қолса нима бўлишини тасаввур қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш воқеа 2011 йилда ҳам содир бўлган эди. Ўшанда Эрон АҚШнинг RQ-170 Sentinel учувчисиз аппаратини уриб туширганини ва кейинчалик унинг технологияларидан нусха кўчирганини хабар қилган эди. Бир неча йил ўтиб Исроил Эронда ҳақиқатдан ҳам радардан яшириниш технологияли учувчисиз аппаратлар пайдо бўлганини тасдиқлаган эди.
Эрон Global Hawkни қандай қурол ёрдамида уриб туширди, деган саволга мутахассислар – бу иш “ер – ҳаво” тизимида радар ёрдамида ишлайдиган собиқ Иттифоқ даврида ишлаб чиқилган “Куб-М” ёки “Бук” ракета тизимларининг “қўлидан келишини” қайд этишган.
Хўш, Эрон АҚШ “кузатувчи”сини нега уриб туширди?
Эрон томон айтишига қарагана учувчисиз аппарат унинг чегарасини бузиб кирган, лекин АҚШ аппарат халқаро ҳаво ҳудудида ҳаракатланганини таъкидламоқда.
Бундан бироз олдин бўлиб ўтган воқеаларни эсга олсак ҳаммаси ўз жойига тушади. Июнь ойининг бошида АҚШ Эрон ҳарбийларини Япония нефт танкерга ҳужум уюштиришда айблаган эди ва бунинг исботи сифатида учувчисиз аппаратдан суратга олинган видеоларни тарқатган эди. Ушбу видео кўпчилликда шубҳа уйғотган бўлсада, бир қатор ғарбий нашрлар уларни чоп этиб шов-шув кўтаришган эди. Қандайдир тасодиф туфайли бу воқеалар айнан Япония бош вазирининг Эронга ташрифи вақтида содир бўлган эди. Бу билан Эрон АҚШга, ўзига хос услубда, "дронингни йиғ!" деган бўлса, ажаб эмас.