ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Эрон Инқилобий гвардияси АҚШнинг радведка қилувчи RQ-4 Global Hawk учувчисиз учиш қурилмасини (дрон) уриб туширганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости Press TV телеканалига таяниб хабар қилмоқда.
Хабарда билдирилишича, қурилма Ҳормозгон вилоятининг Қўҳи муборак туманида ҳаво чегараларини кесиб ўтгандан сўнг уриб туширилган.
Ўз навбатида, АҚШ томони бугун Эрон ҳаво ҳудудида Американинг учувчисиз учиш қурилмаси бўлмаганини маълум қилди.
АҚШ ва Эрон муносабатлари
Сўнгги пайтларда Вашингтон ва Теҳрон муносабатлари кескинлашди.
Вашингтон Эрон иқтисодиётининг асосий соҳаларига қарши санкциялар жорий қилди. Эрон Инқилобий гвардиясини эса террорчилик ташкилоти деб эълон қилди.
Бунга жавобан эса Теҳрон АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигини (CENTCOM) террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритиб, АҚШни эса террорчиликка ҳомий давлат дея тан олди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан уруш бўлмаслигига умид билдиришини маълум қилди. Эрон олий етакчиси Али Хумайний Эрон АҚШ билан уруш олиб бормаслигини айтган эди. Бироқ у Теҳрон Вашингтонга қаршилик кўрсатишда давом этишини маълум қилган эди.