ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 8-июлдан маҳаллий авиакомпанияларга Россия фуқароларини Грузияга ташишни таъқиқлади. Тегишли қарор Кремль сайтида эълон қилинган.
Путин бундан ташқари ҳукуматга Грузияда вақтинча бўлиб турган фуқароларни қайтариш бўйича топшириқ берган.
Давлат раҳбари туроператорларга парвозлар таъқиқланган даврда бу давлатга путёвкалар сотмасликни тавсия этган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, авиаташувларни таъқиқлаш тўғрисидаги фармон - Тбилисида юз бераётган экстремистик ҳаракатлар фонида россияликлар хавфсизлигини таъминлаш учун мажбурий чоралигини билдирган.
Қонун 8-июлдан кучга киради, чунки бу вақтга келиб Грузияга аксарият турлар якунланади.
Россия туроператорлари ассоциацияси маълумотларига кўра, айни вақтда Грузияда 5 мингдан 7 минг нафаргача ташкиллаштирилган тарзда юборилган туристлар бўлиб, мустақил кетганлар сони бундан икки-уч баробар кўпдир.
Россия турсаноат иттифоқи матбуот котиби Ирина Тюринанинг сўзларига кўра, туроператорлар 8-июлга қадар Грузиядан режа асосида кетмайдиган туристларни яқин саналарда учиши кўзда тутилган рейсларга уларнинг қайтиш чипталари билан чиқаришлари кутилмоқда. 8-июлга келиб Грузияда ташкиллаштирилган тарзда борган туристлар қолмаслиги керак.
"Агар туристлардан бирортаси ҳордиқни бўлишни истамаса ва Грузияда қолишга қарор қилса, улар Россияга қайтиш масаласини ўзлари ҳал этишади ва қайтиш чипталарини ўз ҳисобларидан харид қилишади", - дея аниқлик киритди Тюрина.
Йигирманчи июнь куни Тбилисида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Тартибсизликларга Православ парламентлараро ассамблеяси бош сессиясининг очилиш маросимида ташкилот раҳбари, Россия Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг парламент раҳбари курсисига ўтиргани сабаб бўлган. Гаврилов берган тушунтиришга кўра, бу ўринга Грузия томони уни "бундай тадбирлар баённомасига мувофиқ" ўтқазган.
Санкцияланмаган митинглар оқибатида, камида 240 жабрланган, улар орасида намойиш қатнашчилари ва полициячилар бор. 300дан ортиқ намойишчилар қўлга олинган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили намойишлар ташкиллаштиришда Москвани айблаган. У шунингдек Россияни "душман ва босқинчи", деб ҳам атаган. Зурабишвилининг фикрича, Россия ҳукумати мамлакатдаги ҳолатни издан чиқаришдан манфаатдор.
РФ Бош вазири Дмитрий Медведев бу баёнотга нопрофессионал, дея изоҳ берган ва Грузия етакчиси воқеалар мазмунини тўлиқ англамаганини ёки онгли равишда воқеани бузиб кўрсатаётганини қўшимча қилган.
Россия бош вазири сўзларига кўра, Грузияда рўй бераётган воқеалар - мухолифат кучларнинг ҳукумат кучларига қарши кураши натижасидир, норозилик намойишлари эса Грузиядаги сиёсий тизимни йўқ қилишга йўналтирилган. Медведев Грузия халқи юз берган ҳолат моҳиятини англаб олишига умид билдирган.