ТОШКЕНТ, 20 июн – Sputnik. Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Президентнинг Бешта ташаббуси бўйича дастурни амалга ошириш бўйича Имплементация стратегиясининг биринчи версияси тайёр бўлганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бешта ташаббуси бўйича дастурни амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида Дастурларни бошқариш офиси (ДБО) ташкил этилди.
“Унинг асосий мақсади Имплементация стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат. Стратегиянинг биринчи версияси тайёр, мен уни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этаман.
Маълумки, Президентимизнинг Бешта ташаббуси аввало ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган. Бу иш ҳамжиҳатликда қилинсагина самарали бўлишига ишонаман, зеро, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсак, янги марраларга эришишимиз мумкин. Шунинг учун ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёш етакчилар ва умуман фаол, ўз юртининг тараққиётига бефарқ бўлмаган фуқароларни Бешта ташаббусни рўёбга чиқаришда иштирок этишга чақираман”, - деб ёзган Саида Мирзиёева.