ТОШКЕНТ, 18 июн – Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Assouline Publishing” нашриётининг ҳаммуассиси ва муҳаррири Яффа Ассулин ҳамда буюмлар ва ландшафтни суратга олиш соҳасида эътироф топган фотограф Лазиз Ҳамани билан учрашув ўтказилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева “Facebook”даги саҳифасида пост ёзди.
“Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини акс эттирадиган учта китоб чоп этиш лойиҳасини муҳокама қилдик. Китоблар 2021 йилда Лувр музейида очиладиган “Ипак йўлидаги тамаддунлар ва маданиятлар” номли кўргазма доирасида тақдим этилади.
Ушбу лойиҳа анча қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Хориж китобхонлари жозибадор диёримизни нафақат яқиндан билиб олади, балки уларда Ўзбекистонга келиш ва барчасини ўз кўзи билан кўриш истаги пайдо бўлади!”, — деб ёзди Саида Мирзиёева.