ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ўзбекистон мактабларида мажбурий форма талаб қилишга ҳали эрта, аввалига таълим муассасаларидаги мавжуд камчиликларни тузатиш лозим, дея маълум қилди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева
Мирзиёеванинг маълум қилишича, президентнинг бешта ташаббусини ҳаётга самарали татбиқ этиш масаласи хорижий экспертлар билан муҳокама қилинган. Лойиҳанинг стратегик йўналишлари, чет эл тажрибаси ва ундан фойдаланиш бўйича фикр алмашилган.
У бешта ташаббусни, энг аввало, мактаблардан бошлаш ғояси илгари сурилганини эслатиб ўтган.
“Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик. Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз”, - дея ёзган агентлик директори ўринбосари Facebook᾽даги саҳифасида.
Мирзиёева таъкидига кўра, издан чиққан таълим тизимини тузатиш жуда катта маблағ, бир неча йил вақт ва илмий ёндашувни талаб қилади. Бу йўлда хатолар ҳам бўлиши мумкин, чунки бу жараён. Бироқ ҳозир шу ишлар бошланмаса, эртага масала янада мураккаблашади.⠀
Шунингдек, у мутассади вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан юқоридаги масалалар юзасидан Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилганини қўшимча қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган 5та ташаббус ёшларни мусиқа, рассомлик ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, жисмоний чиниқтиришга, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. Ундан ташқари ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлашни назарда тутади.