ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Тошкентдаги Hyatt Regency Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика конференцияси ўтказилмоқда.
Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўз чиқишида ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга оид янги ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича кечиктириб бўлмас вазифаларни маълум қилди.
“Нима учун матбуот амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга, кўп омиллар қатори вазирлик ва идора раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига нисбатан эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин”, – деди Саида Мирзиёева.
Мирзиёеванинг маълум қилишича, давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистонда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисида Концепциясини қабул қилиш зарурияти тобора ошиб бормоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда.
“Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатланмоқда”, - деди Агентлик директори ўринбосари.
Аввалроқ Саида Мирзиёева давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини танқид остига олгани хабар қилинган эди.