ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Жорий йилнинг июнь ойи бошларида “Ашан Ритейл Россия” мамлакатнинг озиқ-овқат саноати салоҳиятини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон элчихонаси хабар қилди.
Ташриф 2-июндан 6-июнга қадар давом этади. Учрашув ташкилотчилари Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясидир.
Россия делегацияси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти, МЧЖ Agro Organic Product, Gold Dried Fruits Export ва Adis Textile билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаш имконияти кўриб чиқилади.
Делегация Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган интенсив боғлар, бозорлар ва савдо марказларига ташриф буюради. Бундан ташқари, россиялик ишбилармонлар мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлар ва сақлаш инфратузилмаларининг ривожланиш даражасини баҳолаш истагидалар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1-майдан бошлаб “Ашан”нинг Россия савдо тармоғига синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни бошлади.
Бу ҳақда апрел ойи охирида “Ашан” раҳбарлари ва қатор маҳаллий корхона делегациялари ўртасида келишувга эришилган эди.