ТОШКЕНТ, 20 май – Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги транспорт воситалари қайси асосларга кўра йўл-патрул ходими томонидан тўхтатилиши мумкинлигига оид эслатма билан чиқди.
Транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:
- йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда;
- транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисаси ёки бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадор эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
- йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурати юзага келганда;
- ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;
- транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурати юзага келганда;
- махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида;
- транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, шунингдек, транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш учун.
ЙПХ ходими томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситаларининг тўхтатилиши тақиқланади.