ТОШКЕНТ, 18 май - Sputnik. Тошкент ИИББ Ўзбекистон йўлларида автомобиллар нима сабабдан ёнаётгани сабабларини тушунтирди.
Илгарироқ ижтимоий тармоқларда ёнаётган автомобиллар акс этган суратлар тарқалган эди. Интернет-фойдаланувчилари ушбу ёнғинларга ЙҲХ га киритилган янги тузатишлар - кундузи фараларни ёқиб юриш сабаб бўлганини айтишган.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғланган ва натижада қуйидагилар маълум бўлди.
Ўтган 2018-йилда енгил машиналарни ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2019-йил бошида Тошкентда автомобилларнинг 11 марта ёнгани қайд этилган. Булардан икки ҳолатда ёниш – ёқилғи тизими ишдан чиққанлиги сабабли юз берган. Қолган ҳолатларда эса ёнғин электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис содир бўлган, яъни автомобилнинг мотор қисмида содир бўлган борт компьютери ва аккумуляторни улаб турувчи электр ўтказиш тизимадаги қисқа узилиш сабаб бўлган. Автомобиль ёритгичларига зарар етмаган.
Куни кеча рўй берган "Вольво" русумли автомобил ёнишига ҳам (ҳайдовчига ёрдам берган қурувчиларнинг ва бошқа гувоҳларнинг ҳамда ҳайдовчининг ўзининг гапларига кўра) мотор қисмидаги муаммолар сабаб бўлган.
"ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди. Шундай экан агар сизнинг автомобилингиз "катта ёшда" бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур", - деб ёзади ИИББ матбуот хизмати.
Тошкент ИИББ бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram мессенджерида ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз "мутахассис" хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақириб қолган.